Xiaomi компанияси томонидан «ақлли» уй учун яратилган деярли барча техникаларни бирданига 8 миллион рублга (105 минг доллар) сотиб олган ишқибоз интернет фойдаланувчилари орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди, деб ёзади Hi-Tech.Mail.ru.
Xiaomi «ақлли» уй учун энг кўп экотизимлардан бирига эга — булар орасидан ҳавони намлантиргич ва тозалагичлар, телевизорлар, лампочка, колонка, камералар ва бошқа кўплаб маиший техникалар ўрин олган.
Бренднинг ашаддий ишқибозларидан бири барчасини бирданига сотиб олишга қарор қилган кўринади. Ижтимоий тармоқларда у юздан ортиқ Xiaomi маҳсулотларини 690 минг юанга харид қилгани тасвирланган чекни жойлаштирган.
Чек шу қадар узунки, суратга олиш учун унинг бир учини сотувчи ушлаб туришга мажбур бўлган.
Ишқибоз ҳатто барча акциялар ва промокодлардан воз кечиб, техникаларни максимал даражада қимматга сотиб олган. Ушбу пост остига қолдирилган изоҳларда ҳазил қилиб ёзишларича, у ушбу сурат TikTok’да кўп кўрилиши орқасидан пул ишлаб топади ва шундан сўнг, яна барча товарларни қайтариб беради.
Изоҳ (0)