Хитойнинг Сиан шаҳрида 6 ойлик кучук машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлган акасининг қабрини қазиб, уни уйғотишга уринди, деб хабар беради Daily Mail.
Июль ойида Сиан шаҳрида истиқомат қилувчи Тун фамилияли эркак Аргентина зотидан бўлган иккита кучукни боқиб олган. Итлар ака-ука бўлган ва ҳар куни бирга ўйнашган.
23 ноябрь куни кечаси Тун кириш эшигини ёпишни унутган ва кучуклардан бири кўчага чиқиб кетган. Эртаси куни эса Тунга яқин атрофда ишлайдиган қўриқчилардан бири қўнғироқ қилиб, кечаси унинг кучугини машина уриб юборганини маълум қилган. «Қўриқчи итимнинг жасадини олиб келди ва мен ўра қазиб, уни кўмдим. Тирик қолган кучук эса қабрга отилиб, уни ковлай бошлади. Бундан жуда таъсирландим», — дейди хитойлик. У содир бўлган воқеани видеога олган.
Кучук эгасининг маълум қилишича, у акаси ўлганини тушунган ва депрессияга тушиб қолган, камроқ ўйнай бошлаган.
Ушбу видео Weibo ижтимоий тармоғи фойданувчилари томонидан ёмон қабул қилинган. Уларнинг аксарияти йирик ва жаҳлдор итларни маҳаллий қонунчиликка бўйсунмасдан сақлагани, уларни бўйинбоғсиз сайр қилишига қўйиб бергани учун Тунни танқид қилган.
Маълумот учун, 2019 йилда Сиан шаҳри ҳукумати маҳаллий аҳолига агрессив ҳисобланувчи 33 турдаги итларни, жумладан, Аргентина догларини ҳам боқишни тақиқлаб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг август ойида интернетда Ҳиндистоннинг Кендужҳар шаҳрида маймун ҳалок бўлган боласини бағрига босганича бир неча кундан буён тентираб юргани тасвирланган видео тарқалган эди.
Изоҳ (0)