United Airlines авиакомпанияси коронавирусга қарши Pfizer вакцинасини АҚШ ва Европа омборларида етказишни бошлади. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетасига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
Маълумотларга кўра, бу тегишли органлар дори воситасини тасдиқлаганидан сўнг, имкони борича аҳолини тезроқ вакцинациядан ўтказиш учун амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, вакциналар Мичиган штатидаги ва Бельгиядаги омборларга етказилмоқда. Кейинроқ Висконсин ва Германияга ҳам шу каби етказиб беришлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Вакцинани етказиб бериш учун авиакомпания қонунда белгиланганидан беш баробар кўпроқ (6,8 тонна) қуруқ музни ташишга рухсат сўраган. Бу самолёт бортида вакцинани сақлаш учун хавфсиз ҳароратни таъминлаш учун зарур.
Аввалроқ АҚШнинг Pfizer компанияси Германиянинг BioNTech компанияси билан биргаликда ишлаб чиқарилган COVID-19’га қарши вакцинанинг самарадорлиги 95 фоизни ташкил этишини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу вакцинанинг дозаси АҚШ учун 19,5 долларни ташкил этади (иккала компонентнинг қабул қилиниши 39 долларга тушади), бошқа бир Америка компанияси Moderna вакцинасининг бир дозаси нархи эса 25-37 долларни ташкил қилади.Россиянинг коронавирусга қарши «Sputnik V» вакцинаси самарадорлиги 95 фоиздан ошгани маълум қилинган. Унинг иккита дозаси нархи халқаро бозор учун, тахминан, 20 долларни ташкил қилади, россияликлар учун вакцина бепул бўлади.
Изоҳ (0)