Эрон АҚШ билан тинчлик музокараларининг иккинчи босқичини ўтказиш бўйича янги режа таклиф этди. Бундан олдин Трамп маъмурияти Эроннинг ядровий дастури ҳақидаги музокараларни ортга суриш таклифини рад этганди. Бу ҳақда CBS News ва “Риа Новости” хабар берди.
Таклиф Эрон юқори мартабали қўмондонининг таҳдидли баёноти фонида янгради. Унинг сўзларига кўра, АҚШ томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай янги ҳужумга Эрон “давомли, кенг кўламли ва оғриқли зарбалари” билан жавоб қайтаради.
“Риа Новости” агентлигининг ёзишича, Эрон 30 апрель куни кечқурун янги режа матнини воситачи бўлган Покистонга топширган. Ўтган ҳафтада Америка томони музокаралар якунлангунга қадар Ислом Республикаси билан ўт очишни тўхтатиш режимини узайтирганди.
Тинчликнинг уч босқичли формуласи
Al Mayadeen нашрининг аввалроқ маълум қилишича, Теҳрон Исломобод орқали Вашингтонга мулоқотни давом эттириш учун уч босқичли формулани таклиф этган:
1. Урушни тугатиш ҳамда Эрон ва Ливан учун хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш.
2. Томонлар Ҳормуз бўғозини бошқариш механизмларини муҳокама қилади.
3. Эрон ядровий дастури масаласи кўриб чиқилади.
Учинчи бандга ўтиш фақат дастлабки икки босқич бўйича келишувга эришилгандагина мумкин бўлади.
Трамп 1 май куни АҚШ ушбу урушда аллақачон ғалаба қозонганини яна бир бор таъкидлади. Тўққиз ҳафтадан бери давом этаётган ва қимматга тушган уруш бўйича кейинги қадамларини ўйламоқда. Трамп “каттароқ натижа билан ғалаба қозонишни” ва Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслигини таъминлашни истамоқда.
Оқ уй муносабати
Оқ уй Эроннинг қарши таклиф киритгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади ва бундай ҳужжат олинганини ҳам тасдиқламади.
“Биз шахсий дипломатик суҳбатлар тафсилотини очиқламаймиз. Президент Трамп аниқ айтган: Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўла олмайди. Музокаралар АҚШ миллий хавфсизлигини таъминлаш учун давом этмоқда”, деди Оқ уй матбуот котиби Анна Келли.
Айни пайтда Эрон суд ҳокимияти раҳбари Ғуломҳусайн Муҳсиний Эжей Теҳрон АҚШ билан музокаралар учун очиқ эканини
айтди. Бироқ у таҳдидлар остида Эроннинг зиммасига бирор “сиёсатнинг юкланиши”ни қабул қилмаслигини таъкидлади.
“Ислом Республикаси ҳеч қачон музокаралардан қочмаган. Лекин биз тазйиқ остида шартлар қабул қилинишига асло рози бўлмаймиз”.
Унинг қўшимча қилишича, Эрон урушни асло хушламайди ва унинг давом этишини истамайди. Аммо мамлакат урушдан қочиш учун ўз принциплари ва қадриятларидан воз кечмаслигини билдирди. У АҚШни “ёвуз душман” деб атади.