Уругвай футбол федерацияси терма жамоада учта коронавирусга чалиниш ҳолати кузатилгани ҳақида маълумот берди.
Жамоа ҳужумчиси Луис Суарес («Атлетико») ва дарвозабон Родриго Мунёс («Серро Портенё»), шунингдек, жамоа ходими Матиас Фаралда COVID-19 аниқланган.
Шу тариқа икки футболчи ЖЧ—2022 саралаши доирасида ўтадиган Бразилияга қарши учрашувда иштирок этолмайди.
Шунингдек, Суарес Ла Лига доирасида собиқ жамоаси «Барселона» ва «Валенсия»га қарши ўйинларда иштирок эта олмайди. Чемпионлар Лигасидан ўрин олган «Локомотив М»га қарши ўйинда иштирок этиши эса сўроқ остида қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Суарес 2020 йилнинг ёзида каталонлар сафидан «Атлетико»га ўтганди. 33 ёшли футболчи жорий мавсум Ла Лигада 6 та ўйин ўтказиб, 5 гол ва битта голли узатма муаллифига айланди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)