Арманистон Россия орқали Озарбайжонга мурожаат қилиб, 25 ноябргача Келбажар туманидан қўшинлари ва оддий фуқароларини чиқариб кетиш учун муҳлат беришни сўради. Бу ҳақда республика президенти ёрдамчиси Ҳикмат Гажиев маълум қилди, деб ёзади «РБК».
Боку «инсонийлик юзасидан» Ереванга ўн кун муҳлат беришга рози бўлди.
«Келбажардан Арманистонга олиб борадиган ягона йўлнинг бандлигини ва об-ҳаво шароитларини ҳисобга олиб, Озарбайжон Арманистоннинг илтимосига рози бўлди», — деди Гажиев.
Арманистон Озарбайжон билан келишувга кўра, 20 ноябргача Келбажардан ташқари, Агдам туманини ва Газах туманидаги ҳудудлардан, 1 декабргача эса Лачин туманидан чиқиб кетиши керак. Гажиевнинг сўзларига кўра, бу ҳудудлар учун муддатлар ўзгаришсиз қолади.
Тоғли Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги жанговар ҳаракатлар 27 сентябрь куни қайта бошланди. Иккала давлат ҳам ҳарбий ҳолат жорий қилди ва бир-бирини тинч аҳолига қарши ҳужумларда айблади. Қурбонлар ҳам ҳарбий хизматчилар, ҳам оддий одамлар бўлди. 9 октябрда Москвада зиддиятли томонларнинг вакиллари билан музокаралар олиб борилди, натижада жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўт очишни тўхтатиш 10 октябрь куни эрталаб кучга кирди.
10 ноябрга ўтар кечаси Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон ва Россия президентлари Илҳом Алиев ва Владимир Путин билан Тоғли Қорабоғда ўт очишни ва жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолади. Ҳужжатга кўра, Боку ва Ереван эгаллаб турган позицияларида тўхтаб, Тоғли Қорабоғ ҳудудининг бир қисми, шу жумладан, стратегик жиҳатдан муҳим Шуша шаҳри Озарбайжонга ўтади. Шартларда айтилишича, Арманистон 20 ноябргача Агдам ва Калбажар туманларини, 1 декабрга қадар Лачинни Озарбайжонга қайтариши керак эди. Шунингдек, келишув минтақага Россия тинчликпарвар кучларини киритишни назарда тутади.
Изоҳ (0)