АҚШда янги коронавирусга чалиниш бўйича тасдиқланган ҳолатлар бир кеча-кундузда пандемия бошидан буён рекорд даража — 140 мингтадан ошиб, 145 835 тани ташкил қилди, деб ёзади «ТАСС» The Washington Post газетасига таяниб.
Шу билан бирга, тахминан бир ҳафта ичида коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг суткалик ўсиши 104 мингтадан 145 мингтагача етган. Масалан, 3 ноябрь куни АҚШда 136 325 та касалланиш ҳолати тасдиқланган ва бу рекорд кўрсаткич бўлган эди. 5 ноябрда 121 888, 6 ноябрда — 126 480, 7 ноябрда — 128 412, 8 ноябрда — 105 927 та ҳолат аниқланган. Ушбу кўрсаткич мамлакатда кетма-кет 9 кундан буён 100 мингдан ошмоқда. Бундан аввалги энг юқори кўрсаткич 30 октябрга тўғри келган эди.
Коронавирус туфайли вафот этганлар сони ўтган бир кеча-кундузда 1549 кишига тенг бўлди (бу май ўрталаридан буён энг юқори кўрсаткич), бутун мамлакат бўйлаб 64 минг киши касалхонага ётқизилди.
Техас коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари сони 1 миллионтадан ошган биринчи штат бўлди.
Халқаро ташкилотлар, федерал ва маҳаллий ҳукумат маълумотлари асосида ҳисоб-китоб олиб борувчи Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, АҚШда жами 10,3 миллион киши коронавирусга чалинган, шулардан 241 минг нафари вафот этган. Мамлакат ҳар иккала кўрсаткич бўйича дунёда биринчиликни эгалламоқда.
Эслатиб ўтамиз, пандемия бошидан буён дунё бўйича 52 миллиондан ортиқ одам коронавирусга чалинди. Касалланганлар сони бор-йўғи бир кеча-кундузда 1 миллионга ошди.
Изоҳ (0)