UzReport TV телеканалининг ижодий жамоаси яна бир бор пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган Аҳмад Дониш кўчасидан репортаж тайёрлади.
Аввалроқ Mega Planet савдо маркази атрофидаги йўлларнинг бир қисми шошма-шошарлик билан амалга оширилгани намойиш этилган бўлса, бу сафар телеканал жамоаси бир йил олдин ташриф буюрган жойига қайта борган.
Таъкидланишича, ўтган бир йил ичида йўлнинг ушбу қисми деярли ўзгаришсиз қолган — аввалгидек «Америка тепалиги» аттракционига ўхшаш ўнқир-чўнқир йўллар, чуқурликлар ва ўралар. Бир йил олдинги йўл билан унинг бугунги ҳолатини таққослаш учун тайёрланган кадрлардан кўриш мумкинки, автомобиль йўлининг бу қисми таъмирланмаган.
Журналистларнинг ҳайдовчилар ўртасида ўтказган сўровларига уларнинг ҳар иккитадан биттаси ушбу йўллардан қониқмаслигини айтган.
«Тўғрисини айтсам, йўқ. Мени қониқтирмайди бу йўллар, ҳамма жойда тартибсизлик ва тирбандликлар», — дейди ҳайдовчилардан бири.
Яна бир ҳайдовчи эса йўлнинг ушбу қисми қурилганидан буён таъмирланмаганидан нолиган.
Телеканал журналистлари томонидан январь ойида тайёрланган репортажда ушбу кўприкларни таъмирлашга жавобгар «Кўприкқурилиштрест» унитар корхонаси вакили Анорбой Аннақулов ҳолат бўйича тушунтириш берганди:
«Август ойида жорий таъмирлаш ишларини бошлаганмиз, сентябрь охирида темир-бетон конструкцияларнинг таъмирлаш ишлари якунланган. Йўл ўтказгич 2000 йил қурилган бўлса, ўшандан буён таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. Шу сабабли темир-бетон чоклар емирилган ва деформацияга учраган».
Қайд этилишича, қиш фасли, ҳаво совуқ бўлгани учун асфальт-бетон қопламаларни ётқизиш ишлари ўша вақтда тўхтаб қолган. Анорбой Аннақулов январь ойида интервьюсида кўприкни тўлиқ таъмирлаш ишлари 1-2 ой ичида якунланишини билдирган эди.
«Ўтган 10 ой ичида кўприк ўз-ўзидан таъмирланиб қолмаган, фақатгина ҳоким қарорига ўзгартириш киритилган. Февралдан бошлаб Аҳмад Дониш кўчаси ва Фарғона йўли трассасини реконструкция қилиш масъулияти ҳокимият зиммасига юклатилган. Бироқ ҳокимликдан ҳеч ким ҳолат бўйича тушунтириш беришни истамаган», — дейилади хабарда.
Лавҳани тайёрлаш вақтида журналистлар Labo ва Nexia-3 иштирокида содир бўлган ЙТҲнинг гувоҳига айланган. Маълум бўлишича, йўллар нотекислиги сабаб «Газель»нинг юкхонасидан темир бўлаги тушиб қолган ва орқада келаётган машиналар кескин тўхташни амалга ошириб, ЙТҲ содир этган.
«Доим шу йўлдан юраман ва ҳар сафар аварияларга дуч келаман», — дейди ҳайдовчилардан бири. Таксичилардан бирининг айтишича, у кун давомида шу йўлнинг ўзида учта ЙТҲга дуч келган.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Тошкент метросининг «Юнусобод» йўлидаги 2 та янги бекат қуриб битказилган эди. Метронинг янги йўналишлари Аҳмад Дониш кўчасидан ўтган. Кўчани таъмирлаш ишлари метро йўналишлари якунланганидан сўнг бошланган. Аҳмад Дониш кўчасининг Амир Темур кўчасидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 2,2 километр қисми 6 қаторли қилиб қайта қурилган.
Изоҳ (0)