Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда ўт очиш тўлиқ тўхтатилганини олқишлашини айтди. Бу ҳақда Президент 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтказилган мажлисида билдирди.
«Биз Тоғли Қорабоғ низо ҳудудида ўт очишни ва барча ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатишга доир, Россиянинг фаол кўмаги билан эришилган келишувларни олқишлаймиз. Ушбу минтақада тинч ҳаёт ва барқарорлик яқин вақт ичида қайта тикланишига умид билдирамиз», — деган давлат раҳбари.
Президент, шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистоннинг барқарор ривожланиш йўлидаги интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини ҳам билдирган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси 10 ноябрь куни видеоанжуман шаклида ўтказилди. Россия раислигида ўтказилган ушбу учрашув кун тартибидан янги глобал хатар ва таҳдидларнинг кучайиши шароитида ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Изоҳ (0)