Руминияда 9 ноябрдан бир ойга комендантлик соати ва мажбурий ниқоб тақиш режими жорий этилди, деб ёзади «РБК». Аввалроқ янги чекловлар ҳақида Руминия ИИВ Фавқулодда вазиятлар департаменти раҳбари Раед Арафат эълон қилган эди.
Янги қоидаларга кўра, 23:00 дан 5:00 гача фуқароларнинг кўчада юриши тақиқланади. «Бу вақт оралиғида, асосан, ёшлар у ёқдан бу ёққа юради, базмларга боради», — дея аниқлик киритди Арафат.
Энди 23:00 дан кейин уйидан ташқарида бўлган фуқаролардан иш гувоҳномаси, раҳбарият томонидан берилган гувоҳнома ёки комендантлик соатини бузиш учун асос бўладиган шахсий жавобгарлик декларациясини кўрсатиш талаб қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, Руминияда умумий ниқоб режими амал қилишни бошлади, мактаблар масофадан ўқишга ўтказилди.
Аввалроқ Грецияда умуммиллий карантин тартиби эълон қилингани, Италиянинг барча ҳудудида коронавирус сабабли комендантлик соати жорий этилгани, Парижда COVID-19 туфайли тунда озиқ-овқат етказиб бериш ва спиртли ичимликлар сотиб олиш тақиқлангани, Латвияда коронавирус сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, бутун дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 50 миллион кишидан ошди. Ҳозирга қадар дунёда 1,2 миллиондан ортиқ одам COVID-19 қурбонига айланган, 32,8 миллион нафар бемор соғайган.
Изоҳ (0)