Ҳуснбузар тошиши нафақат аёллар ва ўсмирлар, балки эркаклар учун ҳам оғриқли муаммо. Гормонал ўзгаришлар, стресслар, нотўғри овқатланиш, чекиш ва бошқа омиллар тери аҳволини ёмонлашишига олиб келади. Аммо оддий тартиб ва одатларга риоя қилиш орқали тери саломатлиги ва гўзаллигини сақлаш, ҳуснбузар тошишини камайтириш мумкин.
Телефонни антисептик восита билан тозалаб туринг
Кун давомида қўлни ювиб туриш одатга кирганидек гаджетларни ҳам вақти-вақти билан зарарсизлантириб туриш керак. Телефон турли жойда биз билан бирга бўлади ва унга бактерия ва микроблар сон-саноқсиз даражада кўп ёпишади. Юзга яқин олиб келиб, узоқ вақт давомида телефонда сўзлашганда эса микроблар тери ва ҳужайраларга ўтади. Бактерия юз териси поралари ичига кириб кўпая бошлайди ва бу яллиғланиш – ҳуснбузар тошишига сабаб бўлади.
Макияж чўткаларини ювиб туринг
Макияж қилиш учун мўлжалланган чўткалар ювиб турилмаса, бўёқлардан қолган қолдиқлар сабаб бактерияларга тўлиб кетади. Бундай чўткани ишлатганда эса тери зарарланади. Кечга бориб юзда майда тошмалар пайдо бўлса, чўткаларингизнинг қанчалик тоза ёки йўқлигини кўздан кечириб кўриш тавсия қилинади. Макияж чўткасини ҳафтада бир марта, тонал крем суртадиган воситани эса ҳар гал ишлатгандан кейин ювиб туриш керак.
Оддий сочиқ ўрнига қоғоз сочиқ ёки салфеткадан фойдаланинг
Бактериялар намликни яхши кўради, юзни ҳар гал артгандан кейин сочиқ ҳўл бўлади ва унга микроблар ёпишади. Ҳар бир оила аъзоники алоҳида бўлган тақдирда ҳам қайта фойдаланганда бактериялар такрор терига ёпишишига имкон яратилади. Шу сабабдан ҳам косметологлар оддий сочиқ ўрнига қоғоз сочиқлардан фойдаланишни маслаҳат беради.
Ёстиқ жилдларни тез-тез янгилаб туринг
Сочингизни ювгандан кейин ҳар уч кунда ёстиқ жилдларни алмаштириб туриш керак. Бу орқали ҳар тунда юз ва терига кирадиган бактерияларни ёстиқда тўпланиш эҳтимолини камайтирасиз.
Ширинликларни камроқ истеъмол қилинг
Ўтказилган бир қанча тадқиқот натижаларига кўра, айрим инсонларда ҳуснбузарлар камайиши учун ширин ва сутли маҳсулотлардан тийилиш кифоя эканлиги аниқланган. Рационда шакар миқдорининг кўп бўлиши қариш жараёнини тезлаштиради, ҳужайраларни зарарлантиради шунингдек тери учун муҳим бўлган коллаген ва эластинни камайтиради. Терининг таранг ва эластиклигини сақлаб қолиш учун шакар ва таркибида шакар миқдори мўл бўлган маҳсулотларни истеъмол қилишни камайтириш керак.
Изоҳ (0)