Пойтахт Тбилиси ва Грузиянинг бошқа йирик шаҳарларида коронавирусга қарши кураш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарори билан 9 ноябрдан бошлаб фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига соат 22:00 дан 5:00 гача чеклов ўрнатилди, дея хабар бермоқда «Интерфакс».
Чеклов пиёда ва транспортда саёҳат қилаётган фуқароларга нисбатан қўлланилади. Комендантлик соати халқаро транспорт воситаларига, шунингдек, тиббиёт ва фармакологик ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва етказиб бериш хизматининг ҳаракатига таъсир қилмайди.
Бош вазир ўринбосари, инфратузилма вазири Майа Скитишвили 7 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда қоидабузарларга жарима солинишини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши муносабати билан ҳукумат бошқа чекловларни ҳам жорий этади.
Маълум қилинишича, 6 ноябрь куни Грузияда 2 859 кишида коронавирус аниқланди. Мамлакатда COVID-19 инфекциясининг тасдиқланган ҳолатларининг умумий сони 54 852 га етди.Грузия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 6 ноябрь давомида 18 киши вафот этди, коронавирус инфекциясидан жабрланганларнинг умумий сони 441 кишини ташкил этади.
Мамлакатда 3015 киши карантинда, 4670 киши касалхоналарда шифокорлар назорати остида қолмоқда. Беморларнинг 39 773 нафари соғайиб кетган.
Аввалроқ коронавирус сабаб Нидерландия, Франция, Швейцария қаторида Грузияда ҳам карантин чоралари кучайтирилганди.
Изоҳ (0)