Қамчиқ довонида Nexia ўзидан олдинда кетаётган Isuzu’га урилиши натижасида 2 киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ.
Қайд этилишича, 2020 йил 4 ноябрь соат 01:50 ларда Тошкент–Ўш йўлининг 249-километрида 25 ёшли фуқаро Nexia русуми автомобилини бошқариб кетаётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган. Натижада ўзидан олдинги Isuzu русумли юк автомашинасининг орқа томонига бориб урилган.
Оқибатда Nexia ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Автомашинада бўлган йўловчилардан бири бош мия гумбази суягининг очиқ синиши ташхиси билан шифохонада вафот этган. Яна 3 нафар йўловчи турли тан-жароҳати олган.
Ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Масъуллар томонидан ушбу ЙТҲга сабаб бўлган омиллар ўрганилди. Унга кўра, йўлнинг ҳодиса содир бўлган қисми тунги ёритиш чироқлари билан ёритилади. Шунингдек, 2021 йилда довондаги йўл нишабини инобатга олиб қўшимча 9 та фавқулодда йўлакча ташкил этиш белгиланди.
Аввалроқ Наманганда талабга жавоб бермайдиган автомобиль йўлида содир бўлган ЙТҲ оқибатида пиёда, Тошкентда дарахтга урилган Spark ҳайдовчиси ва Самарқандда Damas уриб кетиши натижасида велосипедчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)