1 ноябрь буюк «Отелло» трагедияси илк бор намойиш қилинган сана ҳисобланади. Шу муносабат билан «Дарё» колумнисти Раҳимжон Қудратов ушбу асар ҳақида фикрларини билдиради.
Буюк драматург Шекспир томонидан 1603 йилда ёзилган, деб тахмин қилинадиган ва 1604 йилнинг 1 ноябрь кунида илк бор саҳналаштирилган «Отелло» трагедияси ҳақида кўпчилик адабиёт мухлислари эшитиб улгурган. Бироқ китобхонларнинг ҳаммаси ҳам «Отелло» ва Шекспир қаламига оид бошқа кўпгина китоблар, мисол учун, «Гамлет» ва «Макбет» каби дурдона асарлар аслида оригинал эмаслиги, яъни тамомила бошқа асарлар мазмуни асосида ёзилганидан хабардор бўлишмаса керак.
Хўш, Бокаччонинг шогирди бўлмиш Жиралдо Чинтионинг «Венеция маври» асари асосида ёзилган «Отелло» трагедияси ҳанузгача қадр-қийматини йўқотмай келаётганининг боиси нима? Томошабинларнинг барчаси саҳна кўринишини томоша қилишдан олдин намойиш этиладиган воқеа-ҳодисалар тўғрисида маълумотга эга бўлишса-да, саҳна кўринишини катта қизиқиш билан томоша қилишларининг сабаби нимада? Санъатдаги яратувчанлик асарнинг умрбоқийлигига хизмат қилади.
Шекспирнинг энг буюк асарлари бошқа китоблар асосида ёзилган бўлишига қарамай, Шекспирга хос яратувчанлик ва тасвир асарларининг ўз таъсир кучини сақлаб қола олишига сабаб бўла олди. Ҳеч қачон эскирмайдиган ва бир-биридан фарқли бўлган ирқчилик, муҳаббат, рашк, хиёнат, қасос ва афсус-надомат каби турли мавзуларга бағишланган, инсоний туйғулар ва муносабатларнинг аччиқ тақдирини тасвирлайдиган «Отелло» трагедияси бугунги кунда ҳам профессионал театр саҳналарида намойиш этиладиган асосий асарлардан бири бўлиб, кўплаб, опера, фильм ва адабий асарлар учун манба вазифасини ўтаб келмоқда.
Бу трагедия Шекспирнинг бошқа саҳна кўринишларидан фарқли равишда ўрта асрларга оид даврлар ҳамда турли инс-жинслар ёки руҳлар ҳақида сўзламайди, аксинча, ўн олтинчи асрдаги воқеаларни ўз ичига олади. Шу сабабли ҳам Шекспир асарлари ичида ўз даврига энг яқин асар айни шу «Отелло»дир.
Қаллобми ёки даҳо?
Шекспирни ҳатто ўз даврида ҳам кўчирмакашликда айблаган кишилар бўлган. Бундан ташқари, бир неча асрлар ўтса-да, Шекспир ижоди атрофидаги баҳс-мунозаралар ўз якунини топмади, ва ҳаттоки ўз даврининг буюк ёзувчилари ҳам бу баҳсларга аралашиб, ўз муносабатларини билдирди. Баъзилар унинг асарларини ҳаддан зиёд мақташса, бошқалар бу асарлар ортиқча эътиборга арзимайди ва уларнинг машҳурлиги ҳаддан зиёд бўрттирилган, деб ҳисоблайди.Таниқли шоир Пушкин ўз ёзган мактубларининг бирида Шекспир ва унинг асарлари ҳақида: «Ҳодисанинг ростгўйлиги ва диалогнинг чинлиги – мана трагедиянинг ҳақиқий қонуни… Мен Калдеронни ҳам, Вегани ҳам ўқиган эмасман, бироқ Шекспир, бу қанчалар ҳайратда қолдирадиган инсон! Ҳаяжондан ҳалигача ўзимга келолмайман! Байрон трагик сифатида унга тенглаша олмайди», деган мақтов фикрларни билдирган бўлса, Шекспирнинг кескин танқидчиларидан бири бўлган Толстой «Мен Шекспир асарларини ўқиб, ўзим кутган эстетик завқни топмадим», деб ёзади ва унинг асарларини танқид қилиб, бир нечта мақолалар битади.
Ёзувчилар ўртасидаги бу каби ихтилофлар ҳали ҳам ўз ечимини топмаган ва мунозаралар ҳануз давом этиб келмоқда. Демак, китобхон Шекспирнинг буюк ёки аксинча, оддий ёзувчи экани тўғрисидаги қатъий фикрга келиши учун унинг барча асарларини ўқиб чиқиши ва шундан сўнггина уларга баҳо бериши мақсадга мувофиқ бўлади. Унинг шоҳ асарларидан бўлмиш «Отелло» трагедиясининг мазмунига тўхталиб ўтсак.
Фожианинг моҳиятида нима ётади?
Ягонинг ҳийласига чув тушган Отелло рафиқаси Дездемонани бўгиб ўлдириши шунчаки ҳаддан зиёд рашк ва мулоҳаза қилмаслик натижасида рўй берган, ўзи кичик, аммо оқибати катта хато эдими? Фикримча, йўқ. Дездемонанинг ўлими шунчаки бир инсонга бўлган ишончнинг эмас, балки инсониятга бўлган ишончнинг йўқотилиши натижасида содир бўлди. Отелло ҳаёти устуни бўлган қадриятларнинг асосийси бўлмиш ишончдан мосуво бўлгач ўз олдида қотиллик тарзидаги исёндан бошқа йўл кўрмади.Юзаки қараганда, рашк туфайли содир этилган оддий қотиллик бўлиб кўрингани билан, бу фожиавий ҳаракат замирида ўз ҳаёти тизгинини қўлдан бой берган, муносабатлардаги мувозанатнинг йўқотилишига дуч келган қаҳрамоннинг бу каби тартибсизликларга қарши исёни ётади. Отелло исён қилди. У пок муҳаббатнинг топталишига қарши исён қилди. Нафақат инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, балки бутун олам мавжудлигининг асосида тартиб ва қонун-қоидалар ётишини ҳисобга олиб, муҳаббатнинг ҳам ўз қонунлари борлигини англаб етиш мумкин.
Албатта, Отелло учун вафодорлик – илк қоида. Киши худди Отеллога ўхшаб, керак бўлса, ўзининг бутун бошли ҳаётини мана шундай қоида ва қадриятларга тенг кўриши мумкин. Ҳаёт аҳамиятини белгилаб берувчи ана шундай муқаддас қоидалар бузилганда инсон чорасиз аҳволга тушиб қолади. Ахир бутун бошли ҳаётингиз муайян бир қадриятлар тизимига асосланса-ю, сиз уларнинг топталишига дуч келсангиз, қандай қилиб одатий тарзда яшашда давом этиш мумкин? Бу иложсиз туюлади.
Отелло ҳам қотилликдан бошқа илож кўрмади. Аммо аслида ҳам у ҳақ эдими? Барчамизга маълумки, йўқ, Отелло адашди, унинг соддалигидан фойдаланган Яго ўз манфаатларини кўзлаб, уни алдаган эди. Шекспир инсон руҳиятининг нозик томонларини очиқлар экан, нафақат ишонч ва садоқат энг муҳим хислатлар эканини, балки инсоннинг эзгу хислатларини (мисол, соддалиги) унинг ўзига қарши ишлатиш орқали уни батамом ҳалокатга учратиш мумкинлигини кўрсатиб берди.
Трагедия нафақат садоқат ҳамда вафо, балки ишонувчанлик, алдов ва қасос масалаларини ҳам бирдек қамраб олади. Бу ердаги муаммони бир неча босқичларда кузатиб, таҳлил этиш мумкин. Инсон руҳияти босқичида – киши характерининг нуқсонларини; ўзаро муносабатлар босқичида – манфаатлар ўртасидаги курашни; ундан ҳам йирикроқ босқичда эса – жамият пок муҳаббат ва муносабатлар учун хавфли макон эканлигини кузатар экансиз, асар фақатгина Дездемона ёки Отеллонинг эмас, балки муҳаббат ҳамда ҳаётга бўлган ишончнинг ҳалокатига ишора қилаётгандек туюлаверади...
Иқтибослар:
- «Баъзида унутиш – энг яхши даъво».
- «У мени бошимдан кечирган хатарларим туфайли севарди. Мен эса уни мана шу меҳрибончилиги учун севардим».
- «Кишининг эзгу номи қалб гавҳари кабидир. Кимдир менинг ҳамёнимдан бойлик ўғирласа, бу ҳеч нарса эмас. Бу бойлик олдин ҳам кимларнингдир мулки эди, бундан кейин ҳам минглаб инсонларнинг мулки бўлиб хизмат қилади. Бироқ менинг эзгу номимни мендан ўғирлайдиган киши бу орқали бойиб қолмаса-да, менинг қашшоқлашишимга сабаб бўлиб қолади».
- «Киши кўринганидек бўла олиши лозим».
- «Унинг золимлиги менинг жонимни олиши мумкин, аммо ҳеч қачон муҳаббатимни ўзгартира олмайди».
Изоҳ (0)