Грециянинг Самос оролида зилзила сабабли олти ойга фавқулодда ҳолат эълон қилинди, деб хабар қилди мамлакат Фуқаро муҳофазаси бош котибиятига таяниб «РИА Новости».
«Фуқаро муҳофазаси ва инқирозларни бошқариш вазирининг ўринбосари Никос Хардалиаснинг буйруғи ва Фуқаро муҳофазаси бош котиби Василиос Папагеоргиоунинг қарори билан Шарқий ва Ғарбий Самос муниципалитетлари фавқулодда ҳолат эълон қилинди», – дейилади хабарда.
Зилзила сабабли фавқулодда ҳолат жорий этиш унинг оқибатларини бартараф этиш учун зарур. Чунки ушбу режим вақтида қарор қабул қилиш соддалашади. Режим олти ой давомида, 2021 йил 30 апрелгача амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, Грециянинг Самос ороли ва Туркиянинг Измир вилоятидаги Сефериҳисар шаҳри яқинидаги Эгей денгизида 30 октябрь куни тушдан кейин кучли зилзила юз берди. Греция сейсмологлари зилзила кучини 6,9 балл деб баҳолади.
Зилзила оқибатида Грецияда икки мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди, 19 киши жароҳат олди ва бир қатор биноларга зарар етди. Туркияда эса табиий офатдан 25 киши ҳалок бўлди, 800 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Изоҳ (0)