Таниқли турк актрисаси Неслихан Атагул журналистларга Бурак Ўзчивит билан боғлиқ саволларга тоқат қила олмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «Rus.Turkey.com» хабар бермоқда.
Хабарга кўра, журналистларнинг саволи актрисанинг ғазабини келтирган. Улар Неслихан ва унинг турмуш ўртоғи Кадир Догулуга қарата «Агар яна имкон туғилса, Бурак Ўзчивит билан битта лойиҳада иштирок этасизми?» деган саволни берган.
Неслихан ушбу саволга кескин муносабат билдириб, журналистларнинг бу каби иғво саволларни беришга ҳақи йўқлигини айтган. Шунингдек, Бурак ва турмуш ўртоғи Кадир ўртасида зиддият борлигини ҳам тасдиқлаган. Маълум бўлишича, Кадир ва Бурак орасидаги келишмовчилик Кадирнинг рашки туфайли келиб чиққан. Сабаби Неслихан ва Бурак «Севги изтироби» сериалида севишган жуфтлик образини гавдалантирган.
Саволга эса «Сизлар бизни саволларингиз билан ғазаблантиряпсиз. Йўқ. Ўзчивит билан ҳозирча умумий режалар йўқ», − дея актриса жавоб берган.
Бундан аввал Кадир Буракни ўзини яхши кўрадиган, деб атаган ва Twitter саҳифасида шундай пост қолдирган: «Ўзчивит ҳар қандай аёлнинг унга муҳаббат қўйишига ишонади. У хавфли инсон».
Шунга қарамай, Ўзчивит Неслихан ва унинг турмуш ўртоғи билан ёмон муносабатларини рад этиб, журналистларга Кадир ҳамон унинг дўсти эканлигини маълум қилган.
Маълумот учун, 2017 йилда «Севги изтироби» энг яхши хорижий теленовелла йўналиши бўйича Emmi мукофотига лойиқ деб топилган. «Севги изтироби» мазкур мукофот берилган илк турк сериали бўлган.
Шунингдек, сериал Zo‘r TV хусусий канали орқали илк марта 2017 йил сентябридан бошлаб намойиш этила бошланди. 2018 йил февраль ойида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов «Севги изтироби» сериалини танқид қилиши ортидан фильм намойиши тўхтатилган эди. Ўшанда сериалнинг эндигина иккинчи фасли намойиши бошланганди. Zo‘r TV телеканали 2019 йил июль ойида «Севги изтироби» эфирга узатилишини маълум қилди. 30 июль куни соат 20:00 да сериал қолган жойидан эфирга узатилди. 31 июль куни эса сериал эфирга узатиладиган вақтда бошқа кўнгилочар кўрсатув намойиш этилди. Бу сафар сериалнинг нима сабабдан эфирдан олиб ташланганига изоҳ берилмади.
Мавзуга доир:
- Бурак Ўзчивит ва Неслиҳан Атагул ўртасига совуқчилик тушишига нима сабаб бўлган? «Севги изтироби» сериалининг кадр ортидаги воқеалари
- Алишер Узоқов: Қайнотанинг келинига тегажоғлиги тасвирланган миллий сериаллар менталитетимизга «тўғри келади», аммо «Севги изтироби» тўғри келмайди (видео)
- Бутун дунё томошабинлари қалбидан жой олган турк сериаллари жуфтликлари (фото)
Изоҳ (0)