Тошкент шаҳрида 20 октябрь куни Миробод тумани Фарғона йўли кўчасидан «нам асфальт» рангли, давлат рақами 01 V 457 DB бўлган Cobalt машинаси олиб қочилган. Тошкент шаҳар ИИББ бу ишни содир этган гумонланувчи кузатув камераларига тушиб қолганлигини билдириб, ушбу шахснинг суратини эълон қилган ҳамда уни қидирувга бериб, барча ҳудудий ички ишлар органларидан мазкур шахсни ва транспорт воситасини аниқлашда кўмак сўраган.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизматининг »Дарё»га хабар беришича, 1-минтақавий ҳудуд 1-отряди ЙПХ инспектори сафдор Феруза Тошева мазкур ҳолат бўйича берилган хабарни олиб, синчковликни оширган.
Инспектор мазкур ҳолат бўйича гумонланувчи шахс олиб қочилган автомобилда Чирчиқ шаҳридан ўтаётган вақтда уни тўхтатган. Гумонланувчи бир зумгина довдираб, нима қилишни билмай қолган. Феруза Тошева ҳамкасби сафдор Суннат Умаровни ёрдамга чақирган. ЙПХ ходимлари олиб қочилган транспорт воситасини ва гумондорни қўлга туширган. Гумондор ва транспорт воситаси Чирчиқ шаҳар ИИБга топширилган.
Изоҳ (0)