Туркистонда жадидчилик ҳаракатига асос солган буюк зиёли Маҳмудхўжа кўплаб соҳаларда қимматли фикрларини айтган. Унинг публицистика, театр, адабиёт, босма иши, туркистонликларнинг сиёсий онги борасидаги қарашлари ва амалий ишлари яхши ўрганилган. Лекин Беҳбудий тил ҳақида ҳам фикрларини айтиб ўтган. Унинг ўзбек тили, умуман минтақадаги тил сиёсати борасидаги фикрлари бугунги кунга қадар эскирмаган.
Машҳур жадидшунос, фалсафа доктори, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети проректори Зайнобиддин Абдурашидов Беҳбудийнинг тил борасидаги қарашларини таҳлил қилади.
Туркистонлик зиёлилар орасида биринчи бўлиб Беҳбудий Гаспринскийнинг тил бирлиги ғоясини кенг тарғиб қилди ва қувватлади. Дастлаб у ўша даврнинг аксарият мусулмон зиёлилари каби Россия мусулмонларининг ягона тили бўлиши кераклиги ҳақидаги ғояга қизиқиш билдирди. Беҳбудий бу масала юзасидан Туркистон шаҳарларида ўзига хос сўровнома ва тажриба ҳам ўтказди. Бу жиҳатдан биз Беҳбудийни туркистонликлар ичидаги биринчи социолог сифатида ҳам кашф этамиз.
Беҳбудий бу социологик тадқиқот давомида умуман газета ўқимаган, бошқа туркий халқлар тилидан хабари йўқ оддий одамларга турли газеталарни ўқитиб эшиттирди ва шу йўсинда Туркистоннинг турли ҳудудларидан ўқиб эшиттирилган газеталарнинг «тили» бўйича фикрларни жамлади, умумий хулоса берди. Беҳбудий ўтказган тажриба ва сўровнома асосида туркистонликлар учун Гаспринскийнинг «Таржимон» газетаси, сибирлик, асли бухоролик тужжорнинг авлодидан бўлган, XIX асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида Абдурашид қози номи билан танилган Абдурашид Иброҳимовнинг «Миръот» журнали ҳамда «Улфат» газетасининг тили кўпроқ тушунарли, деган хулосага келди.
Ва «чорак асрдан бери миллатимизга тили, қалами, қалб қуввати билан хизмат қилган, янги матбуотимиз раиси ҳам отаси жаноб Исмоилбек ҳазратларига тил бобида эргашмоқ Россиядаги ҳамма муҳаррирларга лозим» эканини тавсия қилди. Бу билан Беҳбудий ҳам Гаспринский каби Россия мусулмонлари бирлигининг асоси ва негизида тил бирлиги бўлиши кераклигини таъкидлади.
Беҳбудий ягона, умумадабий тил борасида фикрларини давом эттириб, «...тил бирлигининг фойдалари жуда яхши маълум. Зеро, тил бирлиги дўстлик, муҳаббат, бир-бирига ёрдам ва жипслашувнинг асоси», деган амалий хулосага келди.
Беҳбудий Туркистон учун туркий билан бир қаторда форсий тилнинг «ўрта шева»сини илгари сурди. Бу таклифнинг амалий натижаси сифатида 1913–1915 йилларда Самарқандда Беҳбудий нашр этган «Ойина» журналини кўрсатиш мумкин. Балдауф Беҳбудийнинг бу ташаббусини ўз ўқувчилари билан ҳамфикр ва ҳаммаслак эканини билдириш ва кўрсатиш деб баҳолади.
Туркистонда икки тиллилик масаласини Беҳбудий «Ойина»ни чиқармасидан анча илгари, 1909 йили «Таржимон»га йўллаган «Туркистонда мактаб лисони» номли мақоласида кўтарган эди. Беҳбудий туркий ва форсий тилларнинг туркистонликлар учун аҳамиятли эканига эътибор қаратмоқчи бўлди ва иккала тилнинг мактаб таҳсилига киритилиши тарафдори эканини илгари сурди. Беҳбудий фикрларини қуйидаги аргументлар билан исботлашга ҳаракат қилди:
- Туркистондаги аксарият шаҳар аҳолиси туркий ва форсийда бемалол мулоқот қилади;
- Баъзи ҳудудларда бу икки тилнинг қоришиқ шакли ишлатилади;
- Расмий идораларга аризалар туркийда ёзилади;
- Шаръий фатволар форсийда ёзилиб, туркийда қайд қилинади ва бу усулга бутун Туркистонда амал қилинади
Беҳбудий (умум)туркий тилни «Таржимон» газетаси воситасида ўзлаштирганини баён қилар экан, «она тилим форсийдир, ёзган туркчамни руҳоний ҳожам ‘Таржимон’ саҳифаларидан таҳсил этдим», деган фикри билан ўртоқлашади. Бу эса Гаспринский таклиф қилаётган (умум)адабий ёки (умум)туркий тил яратилганидан дарак беради. Шунингдек, Гаспринский нашр этган «Таржимон» газетасининг Туркистон ўлкасидаги эътиборини «усули жадида номи билан ислоҳ қилинган ва очилган мактаблар муҳтарам ‘Таржимон’ таъсирида алифбодан охирига қадар туркча дарс бериб, Туркистонда туркчанинг ёйилишига хизмат қилган»ида ҳам кўриш мумкин. Бу сўзлар ҳам Беҳбудийга тааллуқли.
Бегали Қосимов империя мусулмонлари, хусусан, Туркистон ўлкасининг тараққий этган миллатлар қаторига қўшилиши ва охир-оқибат мустақилликка эришиши йўлидаги курашда Беҳбудийни Гаспринский билан бир маслакда бўлганини таъкидлайди. Бу маслак Гаспринский таклиф этган «муроса йўли» бўлиб, русларнинг ҳамда уларнинг маданияти ютуқлари ёрдамида маърифатга эришиш, энг асосийси, бу йўлда миллий хусусиятларни йўқотмасликни талаб этади. Беҳбудийнинг рус тилини ўрганиш ва рус маданиятидан истифода этиш борасидаги фикрларини унинг кўплаб мақолаларида учратиш мумкин.
Хусусан, унинг «Ойина» журналининг илк сонида чоп қилинган «Икки эмас, тўрт тил лозим» мақоласида туркистонликлар замон билан ҳамнафас бўлиши, замона илмларидан, фикрларидан баҳраманд бўлиши учун «туркий, форсий, арабий ва русий» тилларини билиши, уларда бемалол мулоқот қилиш даражасига этишиши лозимлиги таъкидланади. Беҳбудий бу мақолада «туркий» тил деганда маҳаллий халқнинг аксарияти сўзлашадиган «ўзбакий» тилни назарда тутади. Унга кўра, тўрт тилнинг ўрганишга сабаблар қуйидагилардан иборат:
1) «туркий, яъни ўзбакий» – Туркистон халқининг аксарияти сўзлашадиган тил;
2) «форсий» – «мадраса ва удабо тилидур. Бу кунгача Туркистонни ҳар тарафиндаги эски ва янги мактабларинда форсий назм ва наср китоблари таълим берилиб келгандур»;
3) «арабий» – мадрасаларда ўқитиладиган барча шаръий китоблар ушбу тилда;
4) «русий» – «замон тижорат иши, саноат ва мамлакат ишлари, ҳатто дини ислом ва миллатга хизмат» қилишга ярарлик замона илмини ўрганиш учун.
Беҳбудий тил ўрганишга сабаб бўладиган омилларни кўрсатар экан, туркий ва форсий маҳаллий халқ учун иккиси бирдай она тили бўлгани учун «бизға саодат» экани ва ушбу тилларни ҳар бир туркистонлик «таҳсилсиз» ҳам яхши билишини таъкидлайди. Ушбу тилни мукаммал билганлар форсчада битилган «Фирдавсий, Бедил, Саъдий, ‘Маснавий’дан қандай лаззат олса», бунинг баробарида туркийда ёзилган «Фузулий, Навоий, Боқий, Сомий, Абдулҳақ Ҳомид, Акрамбек, Санойи, Нобий, Ножийлардан, яна Тўлстўй, Жул Верн ва уламои замоний асарини туркий таржимасидан» шунчалик баҳрамад бўлиши мумкинлигига урғу беради.
Беҳбудий нима учун рус тилини ўрганишга туркистонликларнинг диққатини қаратмоқчи эди? Унга кўра, миллат бутунлай йўқ бўлиб кетмаслиги учун улар ҳам тижорат, ҳам саноат, ҳам сиёсатда бошқа тараққий этган халқлар билан бир қаторда, ёнма-ён ҳаракат қилиши керак. Туркистонликлар орасида ҳатто миллат ва ватан манфаати учун ғарб тилларида, жумладан, рус тилида юқори минбардан туриб гапиришга қодир бирор киши топилмайди. Бу қусурларни йўқ қилиш учун эса рус тилини ўрганиш, Россия университетларида таҳсил олиш ҳамда барча қонунлардан хабардор бўлмоқ керак. Беҳбудий тил ўрганиш масаласини сиёсий масала сифатида кўтариб чиқди ва ватан манфаати йўлида хизмат қилишга қодир зиёлиларни шакллантиришга йўл очиши тўғрисида ёзди.
Беҳбудий айни масалани, яъни рус тилини ўрганиш туркистонликлар учун не қадар муҳим эканини Абдурауф Фитратнинг «Мунозара» асарига ёзган тақризида ҳам кўтарган эди. Мутаассиб бўлган туркистонликларга Беҳбудий хорижий тилларни ўрганишни пайғамбар ҳам буюрганлари ҳақида ҳадиси шариф ҳам келтирадики, бу аҳоли «кофир бўлмаслигига» энг асосий далил эди.
Беҳбудийнинг адабий тил борасидаги қарашлари унинг 1915 йили ёзган «Тил масаласи» номли мақоласида акс этган. Ушбу мақола икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда Беҳбудий туркий тилнинг шевалари хусусида фикр юритади. Унга кўра, туркий тилнинг Туркистон ўлкасида тарқалган шева ва лаҳжалари юз йиллар давомида форс маданияти ва адабиёти таъсири остида бўлгани сабаб ушбу тилдан жуда кўплаб сўзларни ўзлаштиргани, туб туркий сўзлар ушбу вақт давомида истеъмолдан чиқиб, унутилиб кетган. Шунингдек, 14 асрдан бери муқаддас ислом дини ҳамда Қуръон тили бўлган арабчадан ҳам туркий тил шеваларига сон-саноқсиз сўзлар кириб келганки, уларни шева ёки лаҳжалардан чиқариб ташлашнинг иложи йўқ. Чунки бундай сўзларнинг муқобили мавжуд эмас.
Беҳбудий турли минтақаларда яшайдиган туркий халқларнинг тили ҳам туркистонликларнинг тилидан қолишмайдиган даражада форс ва араб тили таъсирига тушгани, ҳатто айримлари «форсий ва арабийни у қадар кўп олдиларки, тиллари туркий, форсий ва арабийдан қўшулуб ‘усмонли тили’ аталди». Беҳбудий усмонили тили ҳақида гапирар экан, ушбу тилда равон ёзмоқ ва ўқиб тушунмоқ учун «уч тилнинг адабиёт ва қоидаларидан бохабар» бўлиш кераклиги, акс ҳолда «усмонли шевасинда ёзилган асарларнинг аксарини» нафақат усмонли туркларнинг «камсаводи», балки айрим зиёлилари ҳам англамас даражага келиб қолганини таъкидлайди.
Беҳбудий Туркистон шевалари борасида ёзар экан, у ўзини етук тилшунос сифатида намоён этади. Беҳбудий туркистонликларнинг яшаш минтақасига қараб шева ва лаҳжалар қай даражада форс ва араб тили таъсирига тушгани ва бу жараён «барча эрда бир ҳолда бўлмай, балки мавқеъи жуғрофиясиға қараб ҳар нав» эканлигини тадқиқ этди. Ва туркий тил қанчалар бошқа тил таъсирига тушиб ўзгарган бўлмасин, барча «лаҳжа ила сўйлайтургонларнинг ҳар бири бошқасини сўзиға тушунадурлар», деган хулоса беради.
«Тил масаласи» мақоласининг иккинчи қисми туркий халқлар учун ягона, соддалаштирилган адабий тил яратиш масаласига бағишланган. Беҳбудийнинг таъкидлашича, у ушбу масалани ёритишда «бетарафона» ёндашишга ҳаракат қилган. Беҳбудий шева ва лаҳжа билан «адабий тил» ўртасидаги фарқни кўрсатиш учун Волгабўйи татарлари, Кавказ халқлари босиб ўтган йўлни таҳлил қилишдан бошлайди. Унга кўра, татарлар ва озарбайжонлар нашр қилаётган матбуот «тили» «кўча тили»дан «неча даража олий» экани ҳар бир газета ўқийдиган зиёлига маълум. Ҳатто «Вақт» газетаси ва «Шўро» журналининг тили улар нашр бўла бошлаган йилдан, яъни 1908 йилдан 1915 йилга қадар «жаридаларининг аввалгилари ила ҳозиргисини тафтиш қилинса, ҳозиргиларини адабийлиги зоҳир» бўлиб, тобора «олийлашмоқ» йўлида ҳаракат қилмоқда эди.
Юқорида айтилгандек, Беҳбудий бу каби хулосага келиш учун социологик сўровномалар ўтказган ва қай матбуот тили туркистонлик оддий одам учун тушунарли эканини аниқлаш бўйича қилган изланишлари натижаси «Тил масаласи» мақоласининг иккинчи қисмида ўз аксини топган. Албатта, Беҳбудийнинг бу каби изланиш ва тадқиқотлар олиб борганини ўша вақтда ўта муҳим масалалардан бири бўлган (умум)адабий тил яратиш ёки қабул қилиш борасидаги қарашларини билдириш, ўз позициясини кўрсатиш билан боғлиқликда қараш керак.
Беҳбудий (умум)адабий тил масаласида тилни соддалаштириш, омма тушунадиган шаклга олиб келиш фикрини қўллаб-қувватласа-да, тилни софлаштириш, яъни арабча, форсча сўзлар ўрнига муқобилларини қидириб топиш ва тилга татбиқ этиш масаласини «ижроси мумкин эмас, қуруқ хаёли фосидгина» деб баҳолайди. Шу билан бир қаторда, Беҳбудий газета ва журналларда бошқа тиллардан янги кириб келаётган сўзлар исталган шаклда қўлланилиши масаласига тўхталар экан, буни «бу замонда фан ва ҳунар тараққий этгани учун ва янги чиқғон бегона луғатдаги исмлик нимарсаларға туркий исм тақадургон жамиятлар барпо этиб, туркий тилимизға хизмат этатургон кишиларни бизға йўқлиги»дан деб таъкидлайди. Бу билан Беҳбудий тилга янги ўзлашмаларни тартибга келтирадиган илмий жамият ташкил этиш масаласини ҳам кун тартибига чиқаради.
Тилни софлаштириш масаласида «Садойи Туркистон» газетасида бериб борилаётган мақолаларни таҳлил қилар экан, Беҳбудий газетанинг бу ҳаракатига «ижроси мумкин эмас орзу» деб қарайди. Сабаб, асрлар давомида араб ва форс тили таъсирида қолган туркий тилни «яна бир неча минг санада буларни таъсиридан чиқармоқ» ишига берилсак, «маънан ва моддатан ва фаннан маҳкум миллатларни(нг) тили (қаторида) бўлган тилимизға яна тараққий этган миллатларни(нг)» тилидан янги сўзлар кириб келаверади. Беҳбудий тил софлаштириш масаласида мана шундай позицияни эгаллаган эди.
Беҳбудий тилни соддалаштириш борасида фикрлар экан, арабча кўпликдаги сўзларни имкон қадар туркий кўплик шаклда, масалан, «улум, фунун, уламо, қуззот ва ...демоқ эринда фанлар, илмлар, олимлар, қозилар ва... лар» каби ёзилишини ҳамда газеталарда берилаётган «куррайи арзда яшамакда бўлган ҳар миллатни ўзига махсус бир лисони миллийси вордур» каби гапларни имкон қадар туркийчалаштиришни таклиф қилади. Лекин, юқорида ёзилганидек, Беҳбудий бутун тилни софлаштириш масаласида «бутун фанний ва илмий ва диний истилоҳ ва иборатларға муқобил туркчадан исм таъйин қилмоқ фикриға чўммоқ ўзни чарчатиб ва матбуотнн зое’ қилмоқдан бошқа нимарса эмас» деган фикрда қатъий турди.
Беҳбудий содда тил «атрофиндаги қавм-у қариндоши илан сўйлашмоқ» учун керак бўлса, адабий ва илмий тил «мавжуд илм-у фан ва тарихни билмоқ ва алардан фойдаланмоқ» учун зарур деб ҳисоблайди. Унингча, содда тил, яъни шева ёки лаҳжа минтақага кўра турли бўлиши ҳисобга олинса, бу тилни адабий деб бўлмайди ва уни истифодага олиб киришдан ҳам ҳеч қандай маъни йўқ. Бундан ташқари, Беҳбудий Туркистон шева ва лаҳжалари адабий тил бўлишга ҳозирча «қодир эмас» деб ҳисоблайди.
Беҳбудийнинг бундай хулосага келишига сабаб «илмий ва адабий тилни ҳар бир қишлоқ ва кўйдаги оналарни тилинда бўлмоқлиги» учун бошқа тараққий этган миллатлар оналари каби «қориндан қоринғача» ўқимишли бўлиши керак. Шундай экан, Беҳбудий (умум)адабий тил масаласида «модомики, бизға илм-у фан керак ва модом(ики), турк тилининг баъзи шўъба ва лаҳжалариға замоний, фанний, диний, тарихий ҳар нав’ китоблар бордур, ани ўқуб фаҳмламоқиға ғайрат этишимиз лозимдур» деган хулосага келади.
Юқорида қайд этилганидек, Беҳбудий Туркистоннинг авом халқи қай газета тилини яхши тушуниши ва қабул қилиши борасида ўтказган социологик сўровномаси ва тадқиқотининг асосий сабаби ҳам «Таржимон» ёки «Улфат» газетаси тилини (умум)адабий тил даражасига кўтариш эди. Беҳбудий ўзининг бу қарашини қуйидагича изоҳлайди: «Дунёмизни илм-у фанидан хабардор бўлмоқ учун рус, немис, франсавий, англис, итолиёли, арабий, жопуний тилларидан бирини билмоқ керак ва аларни билмаганда Кафкоз ва ё Қрим лаҳжайи адабиясини билган кишини дунёдан хабарлик бўлушиға восита бўлур».
Беҳбудийнинг адабий тил борасидаги бу каби қараши ўз даврида ҳам катта қаршиликларга сабаб бўлган. Унинг энг яқин сафдошларидан бўлган Ҳожи Муин Беҳбудийнинг адабий тил борасидаги фикрларига қарши чиққан эди. Ҳожи Муни маҳалий тилни софлаштириш ва бегона (арабча ва форсча) сўзлардан тозалаш орқали уни адабий тил сифатида шакллантириш тарафдори эди. Бундан ташқари, Ҳожи Муин Беҳбудий таклиф қилган иккитиллилик, яъни бутун Туркистонда туркий билан бир қаторда форсийни ҳам ишлатиш фикрини ҳам маъқулламайди. Ингеборг Балдауфнинг таъкидлашича, Ҳожи Муин ўз қарашларининг амалий татбиқини Беҳбудий сафарга чиққан вақтда «Ойина» журналига вақтинча муҳаррир бўлган вақтда амалга оширишга қисман муваффақ бўлган. Балдауфга кўра, Ҳожи Муин қисқа муддат ичида икки тилли бўлган «Ойина» журналини соф туркий тилдаги журналга айлантиришга улгурган эди.
Беҳбудий «Тил масаласи» мақоласининг охирида ҳеч қайси бир тил фақатгина ўз сўз бойлиги билан тараққий эта олмаслиги, бошқа тиллардан янги сўзлар қабул қилиш ҳисобига ривожлана олишини таъкидлаш билан бир қаторда, тилни софлаштириш билан вақтни бекор сарфламасдан унинг ўрнига «келар замон учун ҳозирланайлук, ўтган замон учун эмас» деган қатъий фикрни ўртага ташлайди. Бундан ташқари, у Туркистоннинг турли минтақалари шевалари орасида фарқ бўлгани учун ушбу шеваларда адабий асарлар ёзиш ҳам мақсадга мувофиқ эмаслигини таъкидлайди.
Беҳбудий (умум)адабий тил яратиш борасидаги асосий муаммо ва тўсиқ сифатида миллат оналарнинг саводсизлигини кўради. Адабий тил яратмоқ учун, Беҳбудийга кўра, биринчи навбатда «биз аввал онамизни ўқутуб, анга тил ўргатмоқимиз керак». Адабий тилнинг ҳамда илм-фаннинг ривожи миллат оналарининг билимига боғлиқ эканини таъкидлаган Беҳбудий, биринчидан, қиз болаларни мактабларга кўпроқ бериш, уларни саводли қилиш масаласини кўтарган бўлса, иккинчи тарафдан, бир адабий тил яратиш учун имкон қадар арабча ва форсча сўзлардан кам ишлатиш, содда, бошқа туркий тиллардан кенг истифода қилган ҳолда ёзишни таклиф қилади.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тилшунослик борасида эълон қилган мақолалари орасида «сарт» сўзи билан боғлиқ фикрлари ҳам бугунги тилшунослик нуқтаи назаридан катта аҳамият касб этади. Ушбу мақолаларнинг таҳлили Беҳбудий ўз замондошлари сафидан биринчилардан бўлиб сўз этимологияси билан шуғулланган, сўзнинг қўлланилиш доираси, турли халқларда бир сўзнинг қай маънода ишлатилиши, сўзнинг тарихий, адабий манбаларда учраб учрамаслиги борасида изланишлар олиб борган, замонавий тил билан айтадиган бўлсак, маданий антропология фани билан ҳам шуғулланганлиги кўзга ташланади.
«Шўро» журналида эълон қилинган «Сарт сўзи мажҳулдир» мақоласида Беҳбудий руслар тарафидан маҳаллий ўтроқ халққа нисбатан қўллай бошлаган «сарт» сўзининг ишлатилиши, турли луғатларда мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, ён-атрофдаги кўчманчи халқлар бу сўзнинг нима маънода қўллаши ва ҳоказо далилардан 24 тасини келтиради ва сўнгида «сарт» сўзи Туркистоннинг маҳаллий ўтроқ халқига нисбатан ишлатилиши ноўрин эканлигини исботлаб берган. Беҳбудий ушбу мақолада «сарт» сўзи билан боғлиқ келтирган далилларини таҳлил қилинса, муаллиф тарихий китоблардаги фактлардан тортиб турли луғатларда, кўчманчи халқлар нутқидаги маъносигача изоҳлашга ҳаракат қилган. Бу эса, ўз навбатида, «сарт» сўзининг этимологиясига оид катта изланиш олиб борилганлиги ва Беҳбудийнинг бу борадаги иқтидорини кўрсатади.
Беҳбудий барча далилларни бир-бир келтиргандан кейин мақоласи сўнгида «сарт» сўзининг тарихи ҳам «мажҳул» бўлганини ҳамда туркистонлик ўтроқ аҳолига нисбатан «сарт» атамасини кўчманчи қозоқлар тарафидан ишлатилгани боис улардан сўралса, балки бирор тайинли жавоб чиқиши ҳақида русларга тавсия беради.
«Сарт» сўзи билан боғлиқ «Ойина»да берилган мақолаларнинг биринчиси «Шўро» журналида эълон қилинган мақола номи билан бир хил «Сарт сўзи мажҳулдир» номланган бўлса, иккинчиси «Сарт сўзи маълум бўлмади» сарлавҳаси билан эълон қилинган. Беҳбудий бу мақолаларда «Шўро» журналида ўзи ҳамда бошқа муаллифлар томонидан бу борада эълон қилинган мақолаларни таҳлил қилади. Беҳбудий барча муаллифларнинг фикрларини жамлаган ҳолда «сарт» атамасини Туркистон ўтроқ аҳолисига нисбатан қўллаш «ҳақорат» сифатида эканлигини ёзади.
Беҳбудий ўз фикрларини далиллаш сифатида бир вақтлар «Хун»лар бўлгани, улар бутун Эвропани забт этгани ва ўша эрда қолиб ҳозирда номи йўқ бўлиб кетгани билан эвропаликларни сизлар «хун»сизлар деб аташ қанчалар ўринли бўлиши борасида фикрларни келтиради. Беҳбудий фикрларини хулосалар экан, Эвропа халқлари ўзларига нисбатан «хун» атамасини ҳақорат деб қабул қилганидек, айрим тарих китобларида Туркистон ҳудудида қачонлардир «сарт» аталган бир қабила бўлганлиги ёзилгани билан эрли аҳолини бугунги кунда сен «сарт»сан деб аташ ҳам ҳақорат, миллатни эрга уриш билан баробар эканлигини таъкидлайди.
Беҳбудийнинг Туркистон жадидчилигида тутган ўрни, унинг бу ҳаракат ғоя ва фикрларининг ёйилишида, ижтимоий-сиёсий соҳанинг турли жабҳаларида ислоҳотларни амалга оширишдаги фаолиятини баҳолашда, табиийки, у ёзиб қолдирган фикрлар, асарлар катта аҳамиятга эга. Шу маънода унинг (умум)адабий тил, тил нормалари, имлоси, сўзлар этимологияси борасидаги фикрлари, қарашлари маълум маънода Беҳбудийнинг тилшунослик соҳасидаги фаолиятига ҳам муайян баҳо беришга, унинг бу йўналишдаги ҳаракатларига холисона хулса беришга имкон туғдиради.
Беҳбудийнинг Туркистонда кенг тарқалган туркий тилнинг шева ва лаҳжаларини мукаммал билиши, замонасининг нисбатан тараққий этган туркий шеваларда нашр этилган вақтли матбуот тилини даврлаштириш, уларга муайян баҳо бера олиш, таҳлил қила олиш каби қирралари унинг Туркистонлик зиёлилар орасидан етишиб чиққан илк тилшунос деб аташимизга далил бўла олади.
Шунингдек, сўзларнинг тарихи, уларнинг келиб чиқишига оид изланишларини инобатга олиб Беҳбудийни ҳозирги замон атамаси билан маданий антропология соҳасида ҳам муайян ютуқларга эришган, бу соҳада ҳам биринчилардан бўлиб изланишлар олиб борган олим деб хулоса беришга асос беради. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, Беҳбудий ўзбек тилининг адабий тил сифатида шаклланиши борасида самарали фаолият олиб борган тилшунос, социолог, шевашунос, этнограф, маданий антрополог сифатида гавдаланади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)