Швеция ва Норвегияда 5 октябрь куни Нобель ҳафталиги бошлангани хабар берилганди. Анъанага кўра, биринчи навбатда тиббиёт ва физиология бўйича мукофот номзодлари номи эълон қилинди. Meduza’нинг ёзишича, ушбу мукофот гепатит C вирусини кашф этганликлари учун Ҳарви Олтер, Майкл Хаутон ва Чарльз Райсга топширилди.
2019 йилда тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофотига ҳужайраларнинг кислород етишмаслигига мослашишини ўрганганликлари учун Уильям Келин, Питер Ретклифф ва Грегг Семенза сазовор бўлган эди.
6 октябрь куни физика, 7 октябрда — кимё, 8 октябрда — адабиёт, 9 октябрь куни Ослода тинчлик мукофоти номзоди эълон қилинади. 12 октябрь куни эса иқтисодиёт бўйича совриндорлар эълон қилинади.
2020 йилда Нобель мукофоти миқдори оширилган бўлиб, 10 миллион швед кронаси (тахминан 1,1 миллион доллар)ни ташкил этади. COVID-19 эпидемияси туфайли 2020 йилда мукофотни топшириш анъанавий маросими ўтказилмайди.
Нобель қўмитаси қоидаларига кўра, мукофот олишга потенциал номзодлар рўйхати сир сақланади. Аммо қатор ОАВлар йил давомида тинчлик мукофотига баъзи машҳур президент ва сиёсатчилар илгари сурилгани ҳақида хабар берган. Хусусан, Россия президенти Владимир Путин тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилган, 19 сентябрь куни эса россиялик олим, Нью-Жерсидаги Ратгерс университети профессори Сергей Ерофеев сиёсатчи Алексей Навальний Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилганини маълум қилганди.
Ундан аввал норвегиялик депутат, кейинроқ Швеция парламенти аъзоси Дональд Трампга тинчлик бўйича Нобель мукофоти беришни таклиф қилган.
Мавзуга доир: Менделеев, Ганди, Твен... Нобель ололмаган даҳолар
Изоҳ (0)