Ливанлик судья Фади Саван Байрутдаги портда аммиак селитрасининг портлаши билан боғлиқ иш юзасидан икки нафар россияликни сиртдан ҳибсга олди. Бу ҳақда Ливан миллий ахборот агентлигига таяниб, Meduza хабар берди.
Гап бизнесмен Борис Гречушкин ва денгизчи Борис Прокошев ҳақида кетмоқда. Гречушкин «Росус» кемасига эгалик қилган, портлаб кетган селитра айнан ана шу кемадан туширилган. Прокошев эса шу кеманинг капитани бўлган.
Судья ҳужжатларни прокуратурага жўнатган ва Интерполдан Гречушкин ва Прокошевни қўлга олиш ҳақида халқаро ордер беришни талаб қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг август ойида Байрутдаги портда 2750 тонна аммиак селитраси портлаган. Селитра 2014 йилда Грузиядан Мозамбикка кетаётган ва порт йиғимини тўламагани учун Байрутда қўлга олинган «Росус» кемасидан мусодара қилинган.
Портлаш оқибатида 190 киши ҳалок бўлган, уч киши бедарак йўқолган, 300 мингдан ортиқ одам уйсиз қолган. Ҳодиса оқибатида юзага келган умумий зарар Ливан ҳукумати томонидан 3-5 миллиард долларга баҳоланган.
Изоҳ (0)