Наманган вилоятининг Чуст туманидаги 52-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг барча битирувчиси олий ўқув юртлари талабасига айланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизматига кўра, 2019/2020-ўқув йилида мазкур мактабни 18 нафар ўқувчи тамомлаган. 16 нафари Ўзбекистондаги маҳаллий олий ўқув юртлари талабаси бўлди. Бир ўқувчи Шардa-Ўзбекистон университетига, яна бири эса Кипрнинг Рауф Денктош университетига қабул қилинди.
«Буни нафақат 29 нафар устоз-муаллимнинг ютуғи, балки битирувчиларнинг илм йўлидаги интилишлари ҳамда ота-оналарнинг эътибори самараси. Келгусида ҳам барча битирувчиларимиз шундай юқори натижаларига эришиши борасида астойдил ҳаракат қиламиз», — дейди мактаб директори Фазлиддин Қўчқоров.
Маълумот учун, Наманган вилоятида 280 нафар ўқувчи муддатидан олдин олий таълим муассасаларига, 24 нафари эса хориждаги нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинганди.
Изоҳ (0)