Фарғонанинг «Истиқлол» клуби ўз фаолиятини якунлайди. Бу ҳақда Профессионал футбол Лигаси (ПФЛ) бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев маълум қилди.
«Фарғонанинг «Истиқлол» клуби фаолиятини давом эттира олмаслиги бўйича хат билан мурожаат қилди. Бу биз учун қайғули хабар. Чунки «Истиқлол» кам сонли хусусий клублардан бири ҳисобланади.
Афсуски, Фарғонадаги «Истиқлол» стадиони масаласи ижобий ҳал этилмади. «Нефтчи» ҳам, «Истиқлол» ҳам ундан сургун қилинган. Про-Лига учрашувлари трансляциясини йўлга қўйиб, чўлли Ғузордан, чекка Яйпандан, тоғли Зоминдан жонли эфирга чиқдик. Аммо Фарғонанинг қоқ марказида жойлашган аренада бирорта футбол кўрмадик.
ПФЛ Истиқлол футбол клубидаги иш ўрнидан четда қолаётган футболчиларга бошқа жамоаларга ўтиш имкониятини яратиб беради. Фарғоналик юз минглаб футбол мухлисларига эса мустаҳкам сабр тилаймиз», — дея ёзади Имомхўжаев.
«Истиқлол» Про-Лига иштирокчиси ҳисобланиб, 2020 йилги мавсумнинг 7-туридан кейин 9 очко билан 6-ўринда бормоқда.
Аввалроқ клуб Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ўйин ўтказа олмаётгани маълум бўлганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)