Мактаб география дарсидан кўпчилик яхши биладики, дунё бўйлаб илк тўлиқ айлана саёҳатни Фернан (Фернандо) Магеллан исмли капитан бошчилигида испан кемалари амалга оширган эди. Ўша саёҳат 1519 йилнинг 20 сентябрида, яъни бундан роппа-роса 501 йил муқаддам бошланган эди. Сана муносабати билан «Дарё» ушбу тарихий саёҳатга оид қизиқ фактлар ҳақида ҳикоя қилади.
Буюк географик кашфиётлар бошланганидан кейин, «янги дунё»даги ерларни ўзаро тақсимлаб олиш учун Европанинг энг ғарбидаги икки давлат – Испания ва Португалия рақобатга киришиб кетган эди. Бу икки мамлакат ҳатто 1494 йилда Тордесильяс келишувини ҳам имзолаган бўлиб, унга кўра, замонавий координата системасига кўра 49 даража ғарбий узунликдан шарқдаги барча денгиз ва океанларни ва уларда очилган янги ерларни португаллар ўзлаштирган; бу меридиандан ғарбни эса Арагон ва Кастилия қиролликларига тегишли бўлади деб қабул қилинган эди (бу пайтга келиб, бу иккаласи амалда Испания сифатида бирлашиб бўлган эди). Ўша пайтларда бу меридианни «Папа меридиани» деб номланди. Чунки уни Рим Папаси Юлий II тасдиқлаб берган эди.
Тордесиляс келишуви кўп жиҳатдан португаллар учун қулай бўлиб чиқди. Масалан, улар кўрсатилган меридиандан шарқдаги жуда бой ерларни, хусусан, Бразилияни очди ва Африкани айланиб ўтиб, Малакка архипелаги ва Ҳиндистонга борадиган денгиз йўлларини назоратга олди. Ўша замонларда «Зираворлар ороли» деб ном олган Малакка архипелагидан келтирилган турли хушбўй ва зиравор моддалар Европада тилладан қиммат юрарди ва бу билан савдо қилганларга мислсиз бойлик келтирар эди.
Бироқ Малакка ороллари ва Ҳиндистонга борадиган энг яқин денгиз йўлини Усмонийлар империяси, Африкани айланиб ўтиш орқали борадиган йўлни эса португаллар назорат қилгани боис, испанлар бу томонга ғарбий йўналиш билан, яъни Жанубий Американи айланиб ўтиш орқали етиб бориш режасига эга эди. Бироқ бу йўл ҳали очилмаган, мавҳум, ҳатто унинг мавжудлиги номаълум бўлган бир пайтда, бундай катта таваккалчиликка асосланган денгиз сафарига чиқишга ҳеч кимнинг журъати етмас эди.
Ва шунда Фернан Магеллан ўз таклифи билан пайдо бўлди. Унинг саёҳати бошланиши ҳам кўп жиҳатдан Христофор Колумбнинг саёҳати бошланишига ўхшаб кетди. Магеллан ҳам балки ўзи португал бўлгани боис, дастлаб, Португалия қиролига, ғарбий йўналиш билан Малакка оролларига етиб бориш режасини баён қилиб, молиялаштириш ва жамоа ажратишни сўраб мурожаат қилди. Лекин ундан рад жавобини олгач, у ҳам Колумб сингари испан қиролига юзланди. 1518 йилнинг 22 март куни Испания қироли ва Фернан Магеллан ўртасида келишув имзоланди.
Унга кўра, Магеллан ўзи билан олиб келган бойликларнинг 1/20 қисмини олиш ҳуқуқи ва очилган ерларда хўжайинлик қилиш ваколати билан қиролдан бешта йирик кема ва тахминан 280 нафарга яқин денгизчидан иборат экспедиция жамоасини қабул қилиб олди. Магеллан ўзи билан сафарга индонезиялик қулни ҳам олди. Бундан мақсад, ушбу қул ўз она тилида гапирадиган одамларга дуч келиши, демак, экспедициянинг мақсадга эришганини билдиради деб қаралган. Яъни Индонезияга шарқдан сузиб келиниши билан, Магеллан мақсадига эришган бўлар эди.
Экспедиция 1919 йилнинг 20 сентябрь куни Санлукар де Баррамеда бандаргоҳидан йўлга чиқди. Кемалар ўша йилнинг ноябрида Бразилия соҳилларига етиб бориб, жануб томон аста-секинлик билан суза бошлади ва Магеллан тахмин қилган, Атлантика ва Тинч океанларини боғлаб турувчи бўғозни қидиришга киришди. Бироқ улар аввал ла-Плата дарёси қуйилиш жойига дуч келди холос ва тез орада қиш бошлангани сабабли қирғоқда қишлаб, кутишга мажбур бўлишди.
Экспедиция фақат 1520 йилнинг май ойида қайта жонланди. Бироқ бўғозни қидириш учун йўлланган кемалардан бири пўртанага дуч келиб, пачоқланиб кетди ва ундаги озуқа ва қурол-яроғ захирасидан жамоа мосуво бўлди. Денгизчилар эса аранг қутулиб қолди. Фақат октябрь ойига келибгина Магеллан ва унинг жамоаси Жанубий Американинг энг жанубидаги, Оловли Ер ороли ва қитъани ажратиб турувчи бўғозни кашф этди ҳамда Атлантикадан Тинч уммонига чиқиб кетса бўладиган йўлни очди. Ҳозирда мазкур бўғоз кашшофнинг шарафига Магеллан бўғози деб номланади.
Ушбу жараёнда кемалардан яна бирида капитан бошчилигида денгизчилар Магелланга қарши исён кўтарди ва унга бўйсунишдан бош тортиб, Испанияга қайтиб кетишди. Учта кема ва жуда ғариб озуқа захираси билан қолган Магеллан ўзи ҳали билмаган ҳолда Ер сайёрасидаги энг катта океанга чиққан эди ва тақдир ҳазилини қарангки, аслида, энг кўп пўртана ва довуллар бўладиган ушбу океан айнан Магеллан сузган вақтда мутлақо тинч турган! Шу сабабли ҳам Фернан Магеллан бу уммонга (уни денгиз деб ўйлаб) Тинч денгизи деб ном берган!
Тинч океанида Магеллан экспедицияси 17 минг км дан зиёдроқ масофани сузди. Улар шунчаки, бу океаннинг ўлчамларини тасаввур қила олишмаган эди ва Америкадан ғарбда Осиёга денгиз орқали тезда етиб борса бўлади деган тахминда эди. Бироқ нимагадир кемалар Тинч океанидаги жануброқда бўлган ва асосий кўзланган мақсад – Малакка оролларига йўл бошламасдан, бироз шимол томонга курс олди. Шу йўналишда у Гуам оролига дуч келди ва маҳаллий аҳоли билан савдо-сотиққа киришди. Бироқ маҳаллий аҳоли Магеллан кемаларидан буюмларни ўғирлагани боис улар билан низо келиб чиқди ва оролга шу туфайли «Ўғрилар ороли» деб ном беришди. Бир неча кундан кейин эса экспедиция Филиппин оролларига етиб борди. Ўша пайтда Магеллан бу архипелагни Авлиё Лазар архипелаги деб номлаган эди.
Филиппиндан кейин экспедиция жануби-ғарб томон сузиб, энди якуний мақсадга – Малакка оролларига йўл олди. Йўл-йўлакай оролларнинг бирида ваниҳоят Магелланнинг индонезиялик қули ўз она тилида гапирадиган одамларни учратади ва шу билан Магеллан ўз мақсадига эришган деб ҳисоблаб, тантана қилинади. У ҳақиқатан ҳам Малакка архипелагига Европадан сафарга кетиб, ғарб томондан сузиб келишни уддасидан чиққан эди!
Бироқ унинг хурсандчилиги ва умуман ҳаёти ҳам узоққа чўзилмади. Кўп ўтмай, у Себу оролидаги бандаргоҳга кириб келди ва бу оролнинг аллақачон цивилизация билан ҳамнафас эканини кўрди. Маҳаллий ҳукмдор (рожа) бу ерда савдо қилиши учун ҳатто Магеллан кемалари бож тўлаши кераклигини ҳам талаб қилди. Бу ерларга Магеллан ва умуман европаликлар келмасидан аввал мусулмон савдогарлар аллақачон йирик савдо йўлларини барпо қилишган эди ва рожага ҳам Магеллан билан зиддиятга бормасдан, балки савдони йўлга қўйиши кераклигини айнан мусулмонлар таклиф қилди.
Уларнинг маслаҳати билан Магеллан кемалари ва маҳаллий халқ ўртасида савдо йўлга қўйилди. Шу орада Магеллан испан ўқотар қуролларининг қудратини «кўрсатиб қўйиш» ва шу орқали рожаларни қўрқитиш учун рожага бўйсунмаётган айрим қабила бошлиқларига қарши жангда қуролларни қўллаб намойиш қилишни режа қилди. Лекин маҳаллий жангчилар Магеллан ва унинг аскарларидан кўра абжирроқ ва жанговар тайёргарлик борасида кучлироқ бўлиб чиқди. Улар Магеллан гуруҳини тор-мор келтиришди ва Магелланнинг ўзи эса чекинаётган пайтда найза ўқ еб вафот этди.
Дарғадан айрилган ва нуфузига путур етган экспедиция энди ортга қайтиши керак эди. Уларнинг ихтиёридаги уч кема учун бу пайтга келиб атига 100 нафар атрофида денгизчи қолганди. Бу эса жуда кам бўлгани учун жамоа иккита кемада йиғилиб, учинчисини шунчаки ёқиб юборди. Кемалардан бири орқага – Испаниянинг Америкадаги мулкларига қайтди (лекин уни йўлда португаллар тутиб олиб, маҳв қилган).
Фақат битта кема – «Виктория» кемаси яна ғарбий йўналишда сузиб, Африкани айланиб ўтиш орқали 1522 йилнинг 6 сентябрида, деярли 4 йил деганда Испаниянинг Севилья бандаргоҳига қайтишга муваффақ бўлди. Кемада атиги 18 киши омон қолганди ва улар Испанияда қаҳрамонлар сифатида кутиб олинди. Кейинчалик кема жамоаси португаллар тутиб олди ва Ҳиндистонга қулоқ қилинган нариги кеманинг 55 нафар кишидан иборат тирик қолган жамоасини ҳам товон тўлаш эвазига озод қилди.
Экспедициянинг муваффақияти нисбий бўлишига қарамай ва унинг асосий ташаббускори – Магелланнинг ўзи ярим йўлда ўлиб кетганидан қатъий назар, ушбу экспедиция шубҳасиз инсоният тарихидаги энг муҳим феноменал ҳодисалардан бири бўлди. У орқали, биринчидан, Ернинг шар шаклида экани (юмалоқлиги) исботланди, қолаверса, дунё океани ўзаро туташ яхлит ҳавза экани ва унда бир океандан иккинчисига тўсиқсиз сузиб ўтиш мумкинлиги далилланди.
Шу тариқа испанлар Малакка архипелагига ғарбий йўналишда сузиб бориб йўл очди ва оролларни Португалия тасарруфига ўтиши учун Португалия қиролидан жуда катта миқдорда товон пули ундиришга ҳам эришишди. Ўзлари билан олиб келган молларни ҳам жуда қиммат баҳоларда сотиб, йўқотилган тўрт кеманинг пулини ҳам ва умуман экспедиция харажатларини ҳам бемалол қоплай олишди.
Магелланинг дунё бўйлаб саёҳати инсоният тарихида биринчи марта яна бир қизиқ ҳодисани очиб берди: экспедиция муттасил ғарбга сузгани боис, Қуёшни қувлаб борди ва вақт ҳисобини ҳам Испаниядан ўзи йўлга чиққан кун ва вақт бўйича хронометр билан эмас, балки қаерда турган бўлса, ўша ердаги туш вақтидан келиб чиқиб юритаверди. Натижада, улар бир кунни «йўқотиб қўйишди».
Экспедиция деярли Ер шарини айланиб чиқиб, Яшил Бурун оролига етиб келишганда, маҳаллий одамлардан санани сўрашганда, орадаги бир кун тафовутни кўриб, нимага бундай бўлганига тушунолмай шошиб қолишган эди. Шунда маълум бўлганки, кемадагилар ҳақиқий вақтдан бир кунга орқада қолган бўлиб чиққан! Кейинчалик, барча узоқ сафарларда ушбу «йўқотилган кун» парадоксини ҳал қилиш учун географияда махсус – саналарнинг ўзгариш чизиғи тушунчаси жорий этилган эди.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)