«Дарё» ўтиб бораётган ҳафтада дунё матбуотида эълон қилинган ва муҳокама марказида бўлган мақолалар шарҳи билан таништиради.
Навальнийнинг заҳарланиш муаммоси сиёсий майдонда
Россия санкциялар босими остида қолаётган бир вазиятда Кремлга мухолиф сифатида танилган Алексей Навальнийнинг заҳарланиши дард устига чипқон бўлди. Расмий Кремль ҳозирча Алексей Навальнийнинг заҳарланишига алоқаси йўқлигини билдирмоқда. Расмий Берлиннинг Европа Иттифоқига газ етказиб бериш борасида Россия билан имзоланган келишуви эса жар ёқасида турибди ва Берлин келишувни бекор қилишга етарлича сабаблари бор, деб ёзади The Politico нашри.АҚШ, Буюк Британия етакчилигидаги айрим ғарб сиёсатшунослари анчадан бери Германия ҳукуматини «Шимолий оқим» бўйича Россия билан келишилган битимини қайта кўриб чиқишга чақириб келади. Агарда Берлин шартномани бекор қиладиган бўлса, бу сиёсий қадам Германия учун ҳуқуқ ий, молиявий ва сиёсий муаммоларни юзага келтиради.
Берлин эса бир неча йилдан буён рус газини харид қилиш бу сиёсий масала эмас иқтисодий масала эканига ғарбдаги ҳамкорларини ишонтиришга ҳаракат қилиб келди. Болтиқ денгизи орқали ўтадиган газ қувури битказилса, Европа Иттифоқи мамлакатлари йилига 55 миллиард куб метр газни қўлга киритишга эришади. Бироқ Германия ҳукумати «Шимолий оқим» лойиҳасининг Европа Иттифоқи учун фойдали иқтисодий битим эканига қарамасдан Навальнийнинг заҳарланишидан кейин газ қувури ҳақидаги фикрини қайта кўриб чиқмоқчи.
Россия, Финляндия, Швеция ва Германия сув ҳавзаларида 1 855 километрга чўзилган денгиз орқали ўтадиган газ қувурининг келажаги ҳақида Германия канцлери Ангела Меркель бу ҳафта «Шимолий оқим 2» лойиҳаси борасида ҳали бир аниқ қарорга келмаганини билдирди. Агар шартнома бекор қилинадиган бўлса, Германия ҳукумати шартноманинг бекор қилинишидан келиб чиқадиган молиявий харажатларни якка ҳолда ҳал қила олмайди. Швейцарияда жойлашган «Газпром» назоратида бўлган «Шимолий оқим 2» лойиҳаси ваколатхонаси шартноманинг бекор қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида судда даъво иши қўзғатиши мумкин. Дейлик, «Шимолий оқим 2» лойиҳаси бекор қилинди. Германия воқеаларнинг бундай ривожидан нима топади?
1. «Шимолий оқим 2» лойиҳасини қуриш учун немис ҳудуди – Мекленбург ва Померания рухсат берди. Бу лойиҳа эса Германиянинг Мукран портидан ўтади. Август ойида АҚШ сенаторлари агарда «Шимолий оқим 2» лойиҳаси бу ҳудуддан ўтадиган бўлса, иқтисодий жазо қўлланилиши билан таҳдид қилди. Шунга қарамай, бу вилоят раҳбари лойиҳа ниҳоясига етказилиши ва бу лойиҳа энг аввало иқтисодий келишув экани, бу лойиҳада «сиёсий авантюра»ни кўрмасликларини таъкидлади.
Мекленбург ва Померания федерал ҳукумати раиси Мануэла Швесиг лойиҳани бекор қилишнинг иложи йўқлигини билдирди. Бундан ташқари, Германия денгиз ва гидрография агентлиги идораси мавжуд бўлиб, бу идора фақат Германиянинг иқтисодий манфаатларига асосланган ҳолда иш юритади ва марказий ҳокимиятдан мустақил. Расмий Берлин бу агентликка таъсир қилиш пишангларига эга эмас. Шундай экан, келишув бекор қилинадиган бўлса, «Энергетика хартияси» келишувига мувофиқ маҳаллий ҳукумат ва агентлик Германия ҳукуматига қарши даъво аризаси билан чиқиши мумкин.
Чунки келишув бандларида «Шимолий оқим 2» лойиҳасини ҳар қандай дискриминацияга асосланган ҳаракатлардан ҳимоя қилиш белгилаб қўйилди. Агарда шартнома бекор қилинадиган бўлса, Германия ҳукумати 9,5 миллиард доллар миқдорида товон тўлашига тўғри келади. Плюс бу товон пулига кутилаётган фойда ҳам қўшилса, товон пули яна кўпайиши мумкин.
2. Германиядаги атроф-муҳитни ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари эса ўз навбатида «Шимолий оқим 2» келишувига рухсат берган тарафлар билан судлашишга тайёр. Германиядаги Deutsche Umwelthilfe нодавлат ташкилоти аллақачон руслар билан келишилган битимни бекор қилиш кераклиги борасида судга ариза берди. Ташкилот назарида метан газининг ҳавога сингиши иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ вазиятни янада кескинлаштиради. Шу мақсадда сўнгги лаборатория хулосалари олингунга қадар «Шимолий оқим 2» лойиҳаси музлатиб қўйилиши керак. Бироқ Германиядаги айрим ташкилотлар воқеаларнинг бундай тартибда ҳал қилинишига қарши.
3. Германия ҳукумати қабул қилган Ташқи савдо ва ҳисоблар тўғрисидаги қонунда ташқи савдога чекловлар ўрнатилиши ҳақида сўз кетади. Агарда ташқи савдо Германия манфаатларига зид келса ёки миллатларнинг ўзаро тинчлик йўлидаги муносабатларига тўсқинлик қиладиган бўлса, ҳар қандай ташқи битимларнинг амал қилишига чекловлар ўрнатилиши белгилаб қўйилган. Алексей Навальнийнинг заҳарланиш воқеасини айнан «Шимолий оқим 2» лойиҳасини чеклашга қаратиш имконияти мавжуд.
Бунинг учун эса Навальнийнинг ҳақиқатдан ҳам рус ҳукумати томонидан заҳарлангани борасида инкор қилиб бўлмас далилларни қўлга киритиш керак бўлади. Агар Германия астойдил хоҳласа, «Шимолий оқим 2» лойиҳасига нисбатан мазкур қонунни татбиқ этса бўлади, бироқ Германия Европа Иттифоқининг ишлаши борасидаги битимнинг 215-моддасига ҳам амал қилиши керак. Шундай экан, Германиянинг ўзи Европага газ олиб келадиган қувурни тўхтатиб қўйишга қодир эмас.
4. Германия АҚШ ҳукумати жорий қилган иқтисодий жазо чораларига қаршилик қилмаса, деярли зарар ҳам кўрмайди. АҚШ ҳукуматининг декабрь ойида жорий қилган иқтисодий жазо чоралари сабаб Швейцария-Дания қўшма корхонаси «Шимолий оқим 2» лойиҳасининг 150 километрлик масофага қувур ётқизиш ишларидан воз кечди. Сабаби АҚШнинг Россияга қарши қаратилган жазо чоралари бандларида рус тарафи билан ҳамкорлик қилишга уринган Европа Иттифоқининг ҳар қандай компаниясига ҳам иқтисодий жазо қўлланилиши ҳақида моддалар мавжуд. Германия ва Европа Иттифоқидаги айрим нашрлар АҚШнинг бундай сиёсатини суверенитетга дахл қилиш билан тенглаштирган бўлса-да, улар Европа Иттифоқи учун барча ифлос ишни қилишни АҚШ зиммасига юклашдан манфаатдор.
5. Германия «Шимолий оқим 2» лойиҳасининг тўхтатилиши борасида Европа Иттифоқи билан биргаликда ҳаракат қилишини талаб ҳам қилиши мумкин. Бундай сиёсат эса Германия ҳукуматига юзага келган муаммони ортиқча бош оғриқларисиз ҳал қилиш имконини беради. Суд олдида якка ҳолда жавоб бергандан кўра, жамоа бўлиб жавоб бериш осонроқ кечади. Аммо Германияни ҳисобга олмаганда, аксар Европа Иттифоқи мамлакатлари рус гази лойиҳасига тиш тирноқлари билан қаршилик қилиб келгани ҳам ёдда туриши керак.
Агарда Берлин рус газ қувури борасида ўз сиёсий маслагини ўзгартирадиган бўлса, Германия сабаб рус газ қувурига қўшилган бир қатор Европа Иттифоқи мамлакатлари расмий Берлинга сиёсий ҳужум бошлашлари ҳам турган гап. Чунки Европанинг аксар кўзга кўринган Shell, Uniper, ОМV каби энергетика компаниялари руз гази қувурига 950 миллион евро маблағ сарфлаган. Италия бош вазири Жузеппе Конте эса ўтган ҳафтада Берлин қандай қарорга келса, Рим ҳам ундан ўрнак олишини маълум қилган. Германия эса «Шимолий оқим 2» лойиҳасини тўхтатиш билан боғлиқ суд жараёнлари узоққа чўзилишини ҳам истамайди.
6. Германия ва Европа Иттифоқи «Шимолий оқим 2» лойиҳасининг давом этиши борасида қўшимча чоралар кўрмаган тақдирда рус лойиҳаси Европада ўз ишини давом эттириши учун рухсатнома олиши анча йилларга чўзиладиган жараёнга айланади. Лойиҳа қуриб битказиладиган бўлса, руслар америкаликларнинг иқтисодий чораларидан қўрқмайдиган компания топишларига ҳам тўғри келади.
Шунингдек, руслар Европа Иттифоқининг газ билан таъминланиши борасидаги кўрсатмаларига амал қилиши керак бўлади. Бу кўрсатмага мувофиқ эса газни сотувчи ва ундан фойдаланувчилар эгалари бошқа-бошқа бўлиши керак. Европа Иттифоқи эса Кремлга рус газини Европада тақсимлаш ҳуқуқи «Газпром»нинг минтақадаги филиалларига берилмаслиги борасида қатъий кўрсатма берди.
Коронавирус вакцинаси ҳақида
Коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқариш ҳозирда катта фойда келтирадиган бизнесга айланди. АҚШ ҳукумати коронавирусга қарши вакцина тайёрлашга катта маблағ сарфламоқда. Шу билан бир пайтда ўз рақобатчиларининг коронавирусга қарши вакциналарини ишончсизлигини исботлаш учун ҳам катта молиявий харажат қилмоқда, деб ёзади Nikkey Asian Review нашри. Айниқса, Россия ва Хитойда вакцина устида олиб борилаётган муваффақиятлар АҚШни жиғига тегмоқда.Хитой ва Россиянинг коронавирусга қарши вакцинаси устидаги тажрибалари ижобий натижа берар экан, АҚШ бу икки мамлакатнинг тиббиётига тирноқ остидан кир қидириш қабилида ҳаракат қилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эълон қилган маълумотларга кўра, ҳозирда коронавирусга қарши тўққизта вакцина ижобий натижаларни берди. Шу вакциналарда тўрттаси Хитойда, биттаси Россияда яратилмоқда. Россияда синовлари кетаётган «Sputnik V» номли вакцинаси борасидаги мулоҳазалар яқин ўтган вақт ичида дунё матбуотининг бош саҳифаларидан ўрин олди.
Россия вакцинаси муваффақиятларга эришаётганига қарамасдан, улар Хитой тиббиётчилари билан вакцина устида олиб борилаётган ишлар билан ҳамфикрликда ишлашга келиша олди. Мазкур қадамни эса рус–хитой муносабатларини янада мустаҳкамлаши учун ташланган қадам сифатида баҳолаш мумкин.
Россия федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари Татьяна Голикованинг наздида, рус ва хитойлик тадқиқотчи олимлар коронавирусга қарши вакцинани яратиш борасида ҳамкорликда иш олиб боришга ва бир-бирларига ёрдам беришда меморандум имзолади. Меморандумга биноан, қўшма лабораторияда вакцина устидаги клиник тажрибаларга раҳбарлик қилиш И.И.Мечников номидаги илмий тадқиқот институти раҳбарлик қилади.
Август ойининг ўрталарида CanSino Biologics Хитой фармацевтика компанияси Россияда коронавирусга қарши вакциналарнинг учинчи босқичи устида клиник тадқиқотлар ўтказишни бошлади. Клиник тадқиқотлар Россиядаги энг йирик «Петровакс клиник» компанияси лабораториясида ўтказилмоқда. Компаниянинг маълум қилишича, дастлабки вакциналар кўнгилли 625 нафар коронавирусга чалинган беморлар устида ўтказилади.
Тестлар сентябрь ойининг охирида ўтказилиши ҳисобга олинса, рус–хитой вакцинаси шу йилнинг куз ойларида тайёр бўлади. Вакцина синовлардан муваффақиятли ўтса, «Петровакс» компанияси вакцинани ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ният қилган. Бироқ расмий Пекин мазкур баёнотга изоҳ бермагани ҳам аҳамиятга молик жиҳат.
Рус ҳукумати назарида Хитойнинг мазкур лойиҳа борасида сукут сақлаганининг бир неча сабаблари мавжуд: аввало, бир нечта вакцинанинг яратилиши, беморлар олдида танлов қилиш кераклиги билан изоҳланади. Иккинчида, Россиядаги коронавирус кўлами катталиги ҳисобга олинса, кундан кунга коронавирус ташхиси қўйилаётган беморлар миқдорининг ошиб бораётганини тўхтатиб қолиш. Бундан ташқари, руслар коронавируснинг клиник тажрибалари муваффақиятли амалга ошса, ғарбдаги ҳамкасблари билан рақобатлашиш.
Шу тариқа рус фарм компанияси Хитой ёрдамида ўз вакцинасининг сотувини йўлга қўйишни, миллионлаб пул ишлаб олишни кўзлайди. Шунингдек, Кремль Ғарбнинг эълон қилган санкциялари остида қолаётган бир вазиятда Хитой билан келишган ҳолда рақобатсиз вакцина ишлаб чиқариш жараёнига киришди. Айнан шу сабаб ҳам Москва ва Пекин вакцина ишлаб чиқариш жараёнида бир жамоа бўлишдан ўзаро манфаатлидек.
АҚШ ҳукумати бош инфекционисти Энтони Фаучи ёз ойида рус ҳукуматининг коронавирусга қарши вакцинаси учинчи босқичга ўтмасдан туриб эълон қилинишини танқид остига олди. Бирор бир ижобий натижаси аниқланмаган, ҳали учинчи босқичга кирмаган вакцина ташвиқотини юритиш америкалик мутахассислар назарида нотўғридек.
АҚШнинг ҳам вакцина яратиш борасида қатъий нуқтаи назари мавжуд. Шу сабабдан Вашингтон коронавирусга қарши вакцина тайёр бўлиши учун миллиардлаб маблағ сарфламоқда ва ҳаттоки Трамп коронавирусга қарши вакцина 2021 йилнинг январь ойига бориб тайёр бўлишини маълум қилди. Рақиблар зинҳор ўзиб кетишмасин-да!
Кутилмаган Трамп тиккан улоқ Astra Zeneca вакцина борасидаги клиник тадқиқотларини тўхтатиб туришини маълум қилди, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса компаниянинг мазкур қадамини ижобий баҳолади. Миллионлар ҳаёти тикилган рақобатда буни энг тўғри қарор дейиш мумкин. Россия ва Хитой эса натижалари ҳали аниқ бўлмаган вакцинани бутун дунёга тарқатишга тайёрдек.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)