Махсус поезд рейслари орқали Самара ва Екатеринбургдан икки мингга яқин ўзбекистонлик олиб келинди, дея хабар бермоқда Транспорт вазирлиги.
Республика махсус комиссияси Ўзбекистон фуқароларини Россиянинг Самара вилоятидан, шунингдек, Екатеринбургдан олиб келиш учун Тошкент–Кинел–Тошкент ҳамда Тошкент–Екатеринбург–Тошкент темир йўл рейсини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан, 2020 йилнинг 12 сентябрь куни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ поезди 834 нафар ўзбекистонлик билан Кинел станциясидан Ўзбекистонга жўнаган эди.
Мазкур поезд 15 сентябрь куни эрта тонгда Самарқанд шаҳрига етиб борди. Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар автобусларда вилоятдаги карантин зоналарига етказилди.
Шунингдек, 847 нафар ўзбекистонлик билан 12 сентябрь куни Екатеринбургдан Ўзбекистонга жўнаган поезд ҳам 15 сентябрь эрта тонгда Тошкент Шимолий вокзалига етиб келди. Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар автобусларда Тошкент вилоятидаги карантин зоналарига етказилди.
Аввалроқ Самарадан 922 нафар ўзбекистонлик поездда Самарқандга олиб келингани хабар қилинганди.
Бунга қадар Россиянинг Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округларидан 927 нафар, Самара вилоятидан 918 нафар ўзбекистонлик поезд орқали мамлакатга олиб келинган. 9 августда Россиядан поездда олиб келинган 918 нафар ўзбекистонлик Намангандаги карантин зонасига жойлаштирилган. Шунингдек, шу куни бошқа бир поезд Самарадан Самарқандга ўзбекистонликларни олиб келган.
Изоҳ (0)