Ўзбекистонда 2 сентябрдан 2020/2021-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бошланди. Фарғонада имтиҳонга келган абитуриентларга дўппи тарқатилди, деб хабар беради ЎзА.
Аввалроқ 2020 йилги ОТМга кириш имтиҳонлари очиқ майдонларда ташкил этилаётгани сабабли абитуриентлар хоҳишига кўра тест синовларига бош кийим (кепка) билан келишлари мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди.
Маълумот учун, тест синовлари Фарғона вилоятида 6 та стадионда ўтказилиши белгиланган.
12 август куни Давлат тест маркази директори Мажид Каримов олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказиладиган имтиҳонлар вақтида абитуриентларга тиббий воситалар, ручка ва ичимлик суви бепул берилиши, шунингдек вазият эътиборга олиниб, уларга бош кийим бериш режалаштирилаётганини маълум қилганди. У мазкур буюмларнинг ҳаммаси давлат томонидан бепул берилишини айтган ва бош кийим ҳам текинга берилишини қўшимча қилганди.
Изоҳ (0)