Ўзбекистондаги давлат мактабларида 2020/2021-ўқув йилида мажбурий мактаб формаси талаб этилмайди. Бу ҳақда 25 август, сешанба куни бўлиб ўтган брифингда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.
Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, вазиятдан келиб чиқиб 2020/2021-ўқув йилида баъзи анъанавий талаблардан воз кечилади. Хусусан, давлат мактабидаги ўқувчилар учун форма мажбурий бўлмайди.
Вазирнинг сўзларига кўра, мактаб ўқувчиларини маълум бир кўринишдаги мактаб формасини сотиб олишга мажбурлаш мумкин эмас. Ўқувчилар белгиланган умумий тартибга риоя қилган ҳолда ўзи истаган кийимида келиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мактабларида янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш, дарслар давомийлигини 30 дақиқа этиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Ҳозирда Халқ таълими вазирлиги янги ўқув йилини бошлаш бўйича 3 та сценарий устида ишламоқда.
Изоҳ (0)