Туриннинг «Ювентус» клуби ярим ҳимоячи Дуглас Костани «Арсенал» ҳужумчиси Александер Ляказеттга алмаштирмоқчи.
Журналист Танкреди Палмерига кўра, «кекса синьора» ушбу эҳтимолий битимда Артур ва Миралем Пьянич трансферида ишлатилган схемадан фойдаланмоқчи.
Гап шундаки, Артур ва Пьяничнинг трансфери бир вақтнинг ўзида амалга оширилган бўлса-да, бу одатий футболчи алмашиш эмас, балки алоҳида харидлар эди. Ушбу ҳолатда ўйинчини сотиб олиш харажатлари бир неча йилга тақсимланади, аммо олинган фойда дарҳол клуб ҳисоботида қайд этилади. Мисол учун, Пьяничнинг номинал қиймати 13 миллион еврони ташкил этган, у эса 60 миллион еврога сотилди, бу ўз навбатида туринликларнинг молиявий балансига 47 миллион евро қўшди.
Таъкидланишича, «Арсенал» «Ювентус»нинг таклифини кўриб чиқмоқда, бироқ Костанинг юқори маоши трансфернинг амалга ошишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Аввалроқ «Ювентус» Ляказетт трансферига ярим ҳимоячи Адриен Рабьони қўшишга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. 29 ёшли лондонликлар ҳужумчисига Турин клубидан ташқари, «Интер» ва «Атлетико» ҳам қизиқиш билдирган.
Ляказетт 2019/20 йилги мавсумда клуб миқёсидаги барча мусобақаларда 39 та ўйин ўтказиб, 12 та гол урди ва 7 та голга ҳаммуаллифлик қилди.
29 ёшли Дуглас Костанинг ҳисобида эса 29 та ўйин, 3 та гол ва 7 та ассист бор.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)