Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Самюэль Дейл Браунбек билан музокаралар олиб борди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар қилган.
Таъкидланишича, АҚШ давлат департаментининг вакили Ўзбекистонда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берган.
Шунингдек, Самюэль Дейл Браунбек Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро экспертлар билан биргаликда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ҳаракатларини олқишлаган.
2019 йил декабрь ойида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликлар бузилиши туфайли хавотирга сабаб бўлаётган давлатлар рўйхатида қолдирганди. Орадан олти ой вақт ўтгач, дунёда диний эркинлик бўйича йиллик ҳисоботни тақдим этиш муносабати билан 10 июнь куни ўтказилган брифингда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазият яхшилангани ҳақида гапирган.
Изоҳ (0)