Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани Адлия бўлими етакчи маслаҳатчисининг фирибгарлиги фош этилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Тошлоқ туман Адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси А.А. туманда бўш ер майдонини «М.А» хусусий корхонасига ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарори бўйича Тошлоқ туман Маъмурий судида кўрилаётган ишни судда ишловчи танишлари орқали гаплашиб, қарорни ўз кучида қолдириш ва ишни унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига ушбу корхона иш юритувчиси М.М.дан фирибгарлик йўли билан 500 доллар олган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармалари томонидан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда А.А. Тошлоқ тумани «Сўкчилик» МФЙда яшовчи фуқаро Б.Б.дан танишлари орқали мазкур маҳалладаги масжид фаолиятини юритиши учун рухсатнома олиб бериш эвазига 39 миллион сўм олганлиги аниқланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан А.А. фуқаролардан пулларни олганлигини маълум қилиб, «М.А.» хусусий корхонаси иш юритувчиси М.М.га етказилган зарар учун 500 минг сўм ва 100 доллар ҳамда фуқаро Б.Б.га етказилган зарар учун 28 миллион сўм ва 1000 долларни ўз ихтиёри билан тақдим этган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (такроран фирибгарлик содир этиш) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввал Тошкентда масжид қурилишига эҳсон қилиш баҳонасида қарийб 34 миллион сўмни АҚШга тегишли SIP виртуал рақами воситасида ўзлаштирган фирибгар қўлга олингани, Тошкент вилоятида 45 нафар фуқаронинг 150 миллион сўм пулини талон-торож қилган шахс 5 йилга озодликдан маҳрум қилингани, Бухорода фирибгарлик йўли билан бир қанча жиноятлар, ўғирлик ва товламачилик қилган жиноий гуруҳ фаолияти фош қилингани ҳақида хабарлар берилганди.
Изоҳ (0)