Қисқа вақт ичида 19,3 минг нафар фуқароларнинг жами 54,3 миллиард сўм миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликда айбланаётган «Авто 60 ой» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан суд иши бошланди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар бермоқда.
Қайд этилишича иш юзасидан суд тергови ҳаракатлари жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан судья Дилмурод Валиев раислигида олиб борилмоқда. Жамият мансабдор шахслари сохта тадбиркорлик, пул маблағларини ноқонуний жалб этиш, фирибгарлик ва бошқа жиноятларда айбланмоқда.
Жабрланувчилар сонининг кўплигини инобатга олиб, иш тафсилотларидан хабардор қилиб бориш мақсадида ЖИБ Чилонзор туман суди томонидан махсус @jibChilonzorsudi Telegram канали ташкил қилинган бўлиб, жиноят ишининг барча жабрланувчиларидан мазкур Telegram каналга обуна бўлиш сўралган.
Тошкент шаҳрида яшовчи жабрланувчилардан 6 августдан бошлаб, ҳафтанинг душанба кунидан шанба кунига қадар соат 10:00 дан 17:00 гача Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 1-А уйда жойлашган (Мўлжал: Хлебушкина номидаги болалар уйи) туман суди биносига келишлари сўралган.
Тергов материалларига кўра, «Авто 60 ой» МЧЖ вакиллари фуқароларга UzAuto Motors автомобилларини дастлабки тўлов ва фоизларсиз бўлиб тўлашга сотиб олишни таклиф қилиб, 19,3 минг мижоз билан шартнома тузиб, уларнинг 54,3 миллиард сўм миқдоридаги маблағларини жалб қилган. Етказилган моддий зарарнинг 36,8 миллиард сўми тергов давомида қопланган.
Изоҳ (0)