Президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни Нукус шаҳрида бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасига 2002 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Жўқорғи Кенгес раиси Муса Ерниязов вафоти муносабати билан ташкил этилган таъзия маросимида нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари ўз нутқида давлат ва жамоат арбоби, марҳум Муса Ерниязов номи абадийлаштирилишини таъкидлаб ўтди.
«Биз, албатта, ушбу ажойиб инсоннинг қутлуғ номини абадийлаштириш учун Тошкентда, Нукусда ва республиканинг бошқа ҳудудларида, маслаҳатлашган ҳолда, унинг номи кўчалар, хиёбонлар ва бошқа объектларга берилади, албатта.
Агар пандемия бўлмаганда бугун бутун элимиз Қорақалпоғистонга (таъзияга) келган бўларди. (Ҳозир ҳам) бутун халқимиз биз билан.
Бу инсон қарийб 50 йиллик меҳнат фаолиятида халқига ҳалол меҳнат қиламан, деб бошидан жуда кўп азоб-уқубатларни ўтказган. Унинг вафоти – барчамиз учун оғир мусибат. Қорақалпоқ элининг мана шундай буюк фарзанди хотирамизда абадий қолади. Ҳали Муса Тажетдинович ҳақида кўп-кўп китоблар ёзилади, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатамиз.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқига мурожаат қилиб айтмоқчиманки, биз ҳеч қачон Муса Тажетдиновични унутмаймиз. Илоҳим, жойлари жаннатдан бўлсин. Муса Тажетдинович Ерниязов – буюк оғамизнинг порлоқ хотираси барчамизнинг қалбимизда мангу яшайди», – дейди Президент.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязовнинг қабрини зиёрат қилгани хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовда 24 июнь куни коронавирус аниқланган. У Республика ихтисослаштирилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус филиалига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Қорақалпоғистон ССВ ахборотига кўра, Муса Ерниязов бир ой оғир аҳволда бўлган. 31 июль куни эса Муса Ерниязов вафот этди.
Изоҳ (0)