YouTube’даги Restoration Worlds каналида ачинарли аҳволдаги Mercedes-Maybach S650 Pullman моделининг идеал ҳолатга келтирилиши тасвирланган 10 дақиқали видео пайдо бўлди. Ўйинчоқ автомобилга нима бўлгани номаълум — афтидан лимузин узоқ вақт сув остида қолиб кетган.
Усталар таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин машинанинг эшиклари ва таг қисмини ажратиб олган, салонни чиқариб ташлаб, уни қисмларга ажратган. Барча деталлар совунли эритма ёрдамида қаттиқ чўтка ёрдамида ишқаланиб, бўёғи кўчириб ташланган. Кейинги босқичда эса гофрирланган пўлат толали чўтка ва живил қоғоз билан «шлифовка» қилинган.
Янгиланган деталлар яна қора рангга бўялиб, йиғишга киришилган. Эшиклари очилмай қолган моделга янги металл шарнирлар ўрнатилган. Бундан ташқари, ўйинчоқ Pullman яна иккита батарея ёрдамида ишлайдиган сигнал ҳамда ёнувчи фараларга эга бўлган.
Изоҳ (0)