Голливуд актёри Райан Рейнолдс рюкзаги ўғирлаб кетилган Мара Сориано исмли аёлга ёрдам беришга қарор қилди, деб ёзади Esquire.
Ўғирланган рюкзак ичида ҳужжатлар ва iPad, шунингдек, аёлнинг энг қадрли нарсаси — пахмоқ айиқчаси ҳам бўлган. Маълум бўлишича, ўйинчоқ ичида диктофон бўлиб, унга Сорианонинг июнь ойида саратондан вафот этган онасининг сўзлари ёзиб олинган.
Актёр янгиликлар орқали бундан хабар топган ва ёрдам беришга қарор қилган. Рейнолдс ўзининг Twitter’даги саҳифасига эълон бериб, ўйинчоқ айиқча учун 5 минг доллар мукофот пулини таклиф этган.
«Ванкувер! Марага ушбу айиқчасини қайтарган ҳар қандай инсонга 5000 доллар. Ҳеч қандай саволлар бўлмайди. Ўйлайманки, барчамиз айиқ уйига қайтиши кераклигини тушуниб турибмиз», — деб ёзади «Дэдпул» юлдузи.
Маранинг сўзларига кўра, даволаниш вақтида онасининг овози жуда ўзгариб кетган ва ўйинчоқдаги ёзув — унинг овози ўзгаргунча бўлган сўнгги сўзлари.
Бошқа юлдузлар ҳам содир бўлган воқеани кўриб, айиқча учун мукофот пулини оширишга қарор қилган. Бошловчи Жорж Стромболуполус ва режиссёр Роусон Маршалл Тербер яна 5 минг доллардан таклиф этган. Шунингдек, айиқ тўғрисидаги хабарни актёрлар Зак Брафф ва Дэн Леви ҳам қўллаб-қувватлаган.
Изоҳ (0)