Қозоғистондан Ўзбекистонга ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилаётган сунъий нафас олдириш аппаратлари тўхтатиб қолинди. Ноқонуний юк «Атамекен» божхона постида ушланган. Бу ҳақда Туркистон вилояти Давлат даромадлари департаментига таяниб, Tengrinews хабар берди.
Ўзбекистон фуқаролари беш дона сунъий нафас олдириш аппаратларини Қозоғистондан олиб чиқиб кетишга уринган. Улар мазкур қурилмаларни учта юк машинасининг кабиналарига ортиб, олиб ўтмоқчи бўлган.
Сунъий нафас олдириш аппаратларининг мамлакатдан ноқонуний олиб чиқиб кетилиши Мақтараал туман прокуратураси, «Атамекен» божхона пости ходимлари ҳамда «Жетисай» чегара наряди томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбир давомида аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича барча фактлар кейинги тергов ишлари учун ҳуқуқ-тартибот органларига топширилган.
Аввалроқ Швейцария компанияси билан 19,5 миллион долларга имзоланган иккита шартнома доирасида ўпкани сунъий нафас олдириш аппаратларининг дастлабки 100 таси Тошкентга олиб келингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)