Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев 20 июль куни Лиссабонда Португалия президенти Марсело Ребело де Соузага ишонч ёрлиғини топширди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар берди.
Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда Португалия президенти Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида жадал ва изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Марсело Ребело де Соуза Ўзбекистон Президенти билан 2019 йил апрель ойида Пекин шаҳрида «Бир макон — бир йўл» саммити доирасида бўлиб ўтган самимий учрашувни эслаб, Шавкат Мирзиёевга чуқур ҳурматини ҳамда эзгу тилакларини изҳор этган.
«Португалия раҳбари ҳамкорлик кун тартибидаги масалалар, минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасидаги муносабатларнинг кенг қамровли жиҳатлари юзасидан фикр алмашар экан, ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини билдирди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Сардор Рустамбоев Ўзбекистоннинг Франциядаги фавқулодда ва мухтор элчиси ҳисобланади. 2018 йил сентябрь ойида Франция президенти Эммануэль Макронга ишонч ёрлиғи топширилган эди.
Маълумот учун, Сардор Рустамбоев бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Португалиядаги элчиси вазифасини ҳам бажаради.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг янги элчиси видеоконференсалоқа орқали суҳбатда Ҳиндистон президентига ишонч ёрлиқларини топширган эди.
Изоҳ (0)