Римнинг «Лацио» клуби ҳужумчиси Чиро Иммобиле Италия А Сериясининг 34-тури доирасида ўтказилган «Ювентус»га қарши баҳсда (1:2) рақиб дарвозасини ишғол этди.
30 ёшли ҳужумчи учрашувнинг 83-дақиқасида 11 метрлик пенальтини аниқ амалга оширди. Бу Иммобиле учун ушбу мавсум А Сериядаги 30-гол бўлди. Шу тариқа Иммобиле А Сериянинг бир мавсумида 30 ва ундан кўпроқ гол урган италиялик бешинчи футболчига айланди.
Ундан олдин бундай натижани 1929/1930 йилги мавсумда Жузеппе Меацца (31 та гол), Феличе Борел (1933/1934 йилги мавсум, 31 та гол), Антонио Анжелило (1958/1959, 33) ва Лука Тони (2005/2006, 31) қайд этган.
Иммобиле 2016 йилда «Боруссия Дортмунд» клубидан 9,45 миллион евро эвазига «Лацио»га ўтган. У ушбу вақт мобайнида клуб сафида 173 та ўйинда майдонга тушиб, 118 та гол урди ва 33 та голга ассистентлик қилди. Унинг Рим клуби билан шартномаси 2023 йилнинг 30 июнигача мўлжалланган.
Жорий мавсумда у 30 та голи билан «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду билан тўпурарлар рўйхатини бошқариб турибди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)