Ўзбекистон профессионал футбол лигаси (ПФЛ) бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Диёр Имомхўжаев Суперлига 10-тур ўйинлари қолдирилганига изоҳ берди.
Диёр Имомхўжаев Суперлига клубларнинг тест жавобларини вақтида тақдим этмаётгани ва ҳатто, касалликни яшириш ҳолатлари ҳам кузатилаётгани ҳақида ёзғириб гапирди.
«14 клуб, 14 хил фикр. Мингта мухлис ва минг хил фикр. Соғлиқ биринчи ўринда, олдинда халқаро ўйинлар бор, Европа шундай ҳолатда футболни давом эттиряпти...
Аслида биз ҳам давом эттира оламиз, аммо масъулият биринчи ўринга чиқиши керак. Биз вирус учун тест топширган футболчининг, тест жавоби чиқмай туриб, бошқа клуб билан 90 дақиқа ўйнаганини кўрдик. Биз тест жавобларини вақтида тақдим этмаётган клубларни биламиз. Биз касалини яшираётган, аммо иситмаси ошкор қилиш арафасида турган клубларга эгамиз. Шундан келиб чиқиб, қарор қабул қиляпмиз. Менимча, ПФЛ ҳеч қачон бундай боши берк кўчаларда бўлмаган.
ПФЛ ходимларининг 60 фоизи 10 кунлар аввал уйдан ишлашга ўтказилган. Тахминан, 7—8 киши шундай шароитда бир ёқадан бош чиқаряпмиз. Бунинг учун сафдошларимга раҳмат айтаман. Нолимаймиз, ишлашда давом этамиз. Касаллик билан оғриётган футболчилар тезроқ соғайишини, бугунги ҳолат тезроқ даф бўлишини истаймиз.
Чемпионат келаси сешанба кунидан тикланади. Аммо унгача барча клублар тест топшириши, базасига кириши ва аввалдан берилган йўриқномаларга қатъий амал қилиши шарт. Яна бемалоллашсак, билмадим. Бу ҳақда ўйлашга ҳам қўрқади одам», — дейди Имомхўжаев.
Аввалроқ Суперлиганинг бир қатор клубларида коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари кузатилгач ПФЛ 10-тур ўйинларини 28 июлга қадар қолдиришга қарор қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)