Ўзбекистонда 16 июль соат 23:30 дан 17 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 541 та ҳолат қайд этилди. Бир кунда касалланганлар сони иккинчи марта 500 нафардан ошди. 13 июлда 594 кишида коронавирус аниқланиши ҳозирча антирекорд бўлиб турибди. Янги касалланиш ҳолатларидан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 15607 нафарга етди.
Янги касалланиш ҳолатлари
Янги касалланганларнинг- 170 нафари хориждан келиб карантинга олинганлар орасида;
- 371 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида (Тошкент шаҳрида — 191 нафар, Андижон вилоятида — 49 нафар, Самарқанд вилоятида — 47 нафар, Сирдарё вилоятида — 35 нафар, Сурхондарё вилоятида — 21 нафар, Наманган вилоятида — 14 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 14 нафар) аниқланган.
Янги қайд этилган ҳолатлардан сўнг Тошкент шаҳридаги касалланиш ҳолатларининг ўзи 9450 нафарга етди. Шавкат Мирзиёев раислигида 15 июль куни ўтказилган видеоселекторда вирус юқтирганлар сони пойтахтда 4092 кишини ташкил этаётгани айтилганди. Ҳозир Тошкент шаҳрида 9450 нафар кишида касаллик аниқлангани икки кун ичида пойтахтда 5 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган дегани эмас. Афтидан Президент тилган олган 4 минг киши Тошкент шаҳрининг ўзида аниқланган ҳолатлардир. Қолган ҳолатлар эса хориждан келганидан сўнг карантин марказида касаллик аниқлангач, Тошкентда даволанаётган ва даволанган беморлар бўлиши керак.
Тошкент вилоятининг кўрсаткичлари илк марта Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинди. ССВ статистика юритишни бошлагандан буён Тошкент вилоятидаги касалланиш ҳолатларини Тошкент шаҳри билан бирга ҳисоблаб келарди. Тошкент вилоятидаги беморлар сони ҳақида бунгача биринчи марта вилоят ҳокими Рустам Холматов маълум қилганди. 10 июлдаги вилоят аҳолисига қилган мурожаатида Рустам Холматов Тошкент вилоятида доимий рўйхатда турган фуқаролардан 966 нафарида коронавирус касаллиги тасдиқланган бўлиб, шундан 586 нафар фуқаро соғайиб, тиббий реабилитация марказларига ва яшаш манзилларига жўнатилганини айтганди. Шавкат Мирзиёев раислигида 15 июль куни ўтказилган видеоселекторда вирус юқтирганлар сони Тошкент вилоятида 1498 кишини ташкил этаётгани айтилганди. 16 июль куни Тошкент вилоятида 34 кишида касаллик аниқланганлиги хабар берилганди. 17 июлда биронтаям янги ҳолат ҳақида хабар берилмади, аммо ССВнинг 17 июль соат 23:30 ҳолатига кўра эълон қилган жадвалида вилоятда касалланганлар сони 1678 нафарни ташкил этаётганини кўриш мумкин. Президент селекторидан сўнг ўтган икки кун ичида Тошкент вилоятидаги беморлар сони 180 нафарга кўпайган.
Андижон вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 49 та янги ҳолат аниқланган. 15 июлдаги видеоселекторда Президент коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятдан чиқиб кетиш бўйича Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари қаторида Андижонни ҳам мисол қилиб келтириб, оғир шароитдан мазкур ҳудудлардаги биринчи раҳбарлар фидойилиги, қаттиққўллиги учун чиқиб кетилганини таъкидлаганди. Ой бошида вилоятда коронавирусга чалиниш ҳолатлари 209 тани ташкил этаётганди. Аммо июль ойининг ортда қолган 17 кунида яна 336 кишида коронавирус аниқланди. Бошқача айтганда, Андижонда март, апрель, май ва июнь ойларида қанча касаллик аниқланган (209 та) бўлса, июль ойининг ўзида ундан 1,5 баравардан ҳам кўп (336) янги ҳолатлар қайд этилди. Андижон вилояти Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидан сўнг коронавирусга чалинганлар сони 500 нафардан ошган бешинчи ҳудуд бўлди.
Самарқанд вилоятида аниқланган 47 та ҳолат коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида қайд этилди. Президент коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятдан чиққан ҳудудлар қаторида Самарқандни ҳам тилган олганда, аммо июль ойида вилоятда касалланиш ҳолатлари кўпайиб кетди. Ой бошидан бери 253 кишида касаллик қайд этилди. Вилоятда гиёҳванд моддасини ноқонуний сотиш билан шуғулланиб келган шахсда ҳам касаллик аниқланди. Самарқанд вилояти касалланганлар сони бўйича Тошкент шаҳри ва вилоятидан кейин 3-ўринда турибди. Вилоятда ҳозиргача 704 кишида касаллик қайд этилган.
Сирдарё вилоятида кун давомида тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 35 та ҳолат аниқланган. Вилоятда охирги марта 10 кун олдин касалланиш ҳолати аниқланганди. Сирдарёдаги беморлар 15 май куни Тошкент шаҳрига ўтказиб юборилгандан сўнг Сирдарёнинг кўрсаткичлари Тошкент билан бирга берилаётгани сабабли беморларнинг умумий сони бўйича аниқ маълумотлар йўқ эди. 15 май ҳолатига кўра, Сирдарёда 38 нафар касалланиш ҳолати кузатилган, ушбу беморларнинг 14 нафари соғайган, 24 нафари эса Тошкент шаҳрига ўтказилганди. Ўтган икки ой ичида вилоятда 200 дан ортиқ касалланиш ҳолати кузатилгани маълум бўлди, ҳозирда касаллик қайд этилган беморлар сони вилоятда 248 нафарни ташкил этади. ССВнинг 16 июль 23:30 ҳолатига кўра берган жадвалида ҳам Сирдарёдаги барча беморлар Тошкент шаҳрига ўтказилгани қайд этилган бўлса ҳам, аслида Сирдарёда коронавирус беморлари бир неча кундан буён даволанаётгани маълум. Ховос тумани СЕОМ бош шифокори 15 июлдаги брифингда ховослик беш нафар фуқаронинг Сирдарё юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётганини айтганди.
Сурхондарё вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 21 та ҳолат аниқланган. Бир кун олдин вилоятда 35 кишида касаллик қайд этилган. Ой бошидан бери Сурхондарёда 178 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда март, апрель, май ва июнь ойларида қанча касаллик аниқланган (101 та) бўлса, июль ойининг ўзида ундан қарийб 1,8 баравар кўп янги ҳолатлар қайд этилди.
Наманган вилоятида аниқланган 14 та ҳолатнинг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида қайд этилди. Вилоятда 12 июлдан бери ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Наманганда июль ойида 187 кишида коронавирус қайд этилди, бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 39 фоизидир.
Қорақалпоғистонда ҳам коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 14 кишида касаллик аниқланган. Июль ойида мазкур ҳудудда касалланганлар сони 115 нафарга кўпайди, бу Қорақалпоғистондаги жами касалланишларнинг 43 фоизига тенг.
Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар
ССВ кун давомида Тошкент шаҳрида яшовчи 3 нафар ва Тошкент вилоятида яшовчи 1 нафар, жами 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди.Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи Т.Ё. исмли эркак тана ҳароратининг кўтарилиши сабабли намуна топширган. 29 июнь куни унда COVID-19 аниқланган ва йўтал, ҳансираш белгилари кучайганлиги сабабли Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган.
Унга миокард инфаркти, COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўнг ўпка спонтан пневмоторакси, нафас етишмовчилиги, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Текширувлар беморда аввалдан бронхиал астма касаллиги мавжуд бўлганини кўрсатган.
Шифокорлар томонидан стандартлар асосида амалга оширилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи 62 ёшли Н.А. исмли аёлда 8 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.
Касаллик ўткир нафас ҳамда юрак-қон томир етишмовчилиги асорати билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, гипертония каби ҳамроҳ хасталиклар билан ҳам оғриган.
Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган. Н.А.га қадар кетма-кет 10 нафар эркакнинг коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинганди.
Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 55 ёшли А.Х. исмли эркакда 5 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва у 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган. Шифохонада унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, марказий нерв системаси интоксикацияси каби асоратлар билан кечган.
Шунингдек, беморда гипертония касаллигининг 3-даражаси, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар бўлган. Сўнгги кунларда ҳамроҳ касалликлар фонида касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, шифокорлар томонидан стандартлар асосида амалга оширилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, у ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.
Тўртинчи ўлим. Тошкент вилояти Тошкент туманида яшаган 59 ёшли Б.С. исмли эркакда 9 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва у 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган. Тиббиёт муассасасида унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилди. Касаллик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, диабетик нефропатия, сурункали буйрак етишмовчилиги, марказий нерв системаси интоксикацияси каби асоратлар билан кечган.
Беморда юрак ишемик касаллиги, стенокардия, коронар қон томирларни стентлашдан кейинги ҳолат (2008, 2012 йилларда), гипертония каби ҳамроҳ касалликлар бўлган.
Асосий касаллик оғир кечиши ва асоратлари ҳисобига аҳволи кескин ёмонлашиб, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларларга қарамай, бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги сабабли вафот этди.
Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 79 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусдан вафот этганлар сони 80 нафарни ташкил этмоқда. «Дарё» 15 июль куни Давлат хизматлари агентлигига таяниб, агентликнинг Навоий вилояти бошқармасининг масъул ходими Адҳамжон Деҳқоновнинг коронавирус оқибатида вафот этганини хабар қилган. Ушбу ўлим ҳолати ҳозирча ССВ томонидан тасдиқланмаган, аммо вазирлик ўлим ҳолатларини бир неча кун кечикиб бериши ҳолатлари кузатилмоқда.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев: «Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган гап айнан мана шу коронавирус ҳақида айтилган»
«Бугун дадам қазо қилдилар. Коронавирусдан. Лекин ташхис қўйилмади. Бир ҳафта уйда даволадик. 103 га телефон қилсак, беморнинг иситмаси бўлса, келолмаймиз дейишди. Уларни ҳам тушунаман, на дориси бор, на ҳимоя воситаси.
Расмий статистикага ишонманг, ўзингиз ва яқинларингизни асранг!
Давлатга ишонманг. Расмийларнинг барча гапи ёлғон. Ишонч рақамларига телефон қилиб тушиб бўлмайди, тушсангиз ҳам бошқа номерни бериб юборади. Биз дадамизга бир ҳафта тез ёрдам чақиролмадик. Ахири ўпкаларига ўтиб кетиб, жонлари узилди. 63 ёшда эдилар. 10 кун аввал соппа-соғ эдилар.
Бу гапларни ёзишимдан мақсад — давлат ёрдамидан умидингизни узинг. Кўчага чиқманг, айниқса катталарни эҳтиёт қилинг!», — деб ёзди режиссёр.
Сарвар Каримовнинг ёзишича, унинг бутун оиласи COVID-19’га чалингани расман тасдиқланган. «Ўзимизни ўзимиз даволаяпмиз, чунки бошқа илож йўқ», — деб ёзди Сарвар Каримов.
Режиссёрнинг ушбу постидан бир неча соат ўтиб уни акаси ва синглиси билан бирга Юнусободдаги Нуроний санаторийсига олиб келиб жойлашганини маълум қилди. «8 та қаватга битта инфексионист ва иккита терапевт бор экан. Бечораларнинг аҳволи бизникидан баттар.Бошқа врачлар йўқ, уколлар йўқ, аппаратлар йўқ. Сабр қилишдан бошқа иложимиз ҳам йўқ», — деб ёзади Сарвар Каримов.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 6525 нафар бемордан 70 нафари оғир, 11 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 17 июль куни биринчи марта 60 нафардан ошганди, орадан бир кун ўтиб эса уларнинг умумий сони 80 нафардан ошиб кетди.
Касалликдан даволаниш
17 июль куни 220 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Улардан- 94 нафари Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида;
- 42 нафари Қашқадарё вилоятида;
- 34 нафари Самарқанд вилоятида;
- 30 нафари Андижон вилоятида;
- 13 нафари Қорақалпоғистонда;
- 6 нафари Наманган вилоятида;
- 1 нафари Жиззах вилоятида тузалган.
Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.
Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.
Айни пайтда 6525 нафар бемордан 4654 нафари Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Фарғонада 13, Хоразмда 17, Жиззахда 21, Навоийда 48, Бухорода 57, Сирдарёда 70, Қорақалпоғистонда 72, Қашқадарёда 89, Сурхондарёда 114, Самарқандда 142, Наманганда 152, Андижонда 192 ва Тошкент вилоятида 884 нафар бемор қолди.
Изоҳ (0)