Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакатда пандемия туфайли қийин аҳволга тушиб қолган ижтимоий заиф аҳоли қатламига энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида (40 АҚШ доллари атрофида) бир марталик ёрдам пули ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Таъкидланишича, ёрдам пули фуқароларнинг банк карталарига ташлаб берилади, агар картаси бўлмаса, нақд пул шаклида берилади.
Тожикистон Молия вазирлиги ушбу қарорга мувофиқ ташкил этилган аҳолининг заиф қатламларига бир марталик ёрдамни тўлаш учун белгиланган тартибда маблағ ажратади. Мамлакат Ҳисоб палатасига ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини текшириш ва унинг натижалари бўйича Тожикистон ҳукуматига тегишли маълумотларни тақдим этиш вазифаси қўйилган.
Ўзбекистонда Республика махсус комиссиясининг 11 июлдаги қарорига кўра, ҳозирги кунда 20 кунлик карантин даврида моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож 120 мингга яқин оилаларни давлат томонидан озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда.
Аввалроқ Қозоғистонда аҳолига карантин сабаб кетма-кет иккинчи ой салкам 100 доллардан ёрдам пули тарқатилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)