Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals (аввалги «Қўқон суперфосфат заводи») заводини модернизация қилиш учун 12,5 миллион долларлик узоқ муддатли кредит билан таъминлади, дея хабар беради «Gazeta.uz».
Инвестициялар компанияга ўғит ишлаб чиқаришни кутилганидек, йилига 100 минг тоннадан 350 минг тоннагача ошириш учун энергия тежайдиган технологияларни жорий этишга ёрдам беради. Завод ички эҳтиёжларини қондиргандан кейин йилига 75 минг тонна ўғитни экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.
«Қўқон суперфосфат заводи» 2019 йил Сингапурда жойлашган Indoraman Holdings B.V. томонидан хусусийлаштирилди, у заводнинг 95,54 фоиз акцияларига эгалик қилади.
«Ўзбекистон кенг кўламли ўғитларни ишлаб чиқариш учун ўз хом ашё базасига эга дунёдаги саноқли давлатлардан бири ҳисобланади. Аммо, асосан, давлат томонидан бошқариладиган сектор, инвестицияларнинг етарли эмаслиги, ишлаб чиқаришнинг самарасизлиги ва ресурсларнинг ҳаддан ташқари сарфланиши билан боғлиқ қийинчиликларни бошдан кечирди. Янги сармоялар ва технологиялар туфайли Ўзбекистон кимё саноати янги иш ўринлари яратиш, бошқа саноат ва хизматларни ривожлантириш, шунингдек, ҳосилни кўпайтириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда экспортни рағбатлантириш учун катта имкониятларга эга бўлади», — деб таъкидлади ХМК кредит бериш тўғрисидаги қарорни шарҳлаб.
Изоҳ (0)