Matchroom Бохинг промоутерлик компанияси раҳбари Эдди Ҳирн Александр Поветкин ва Диллиан Уайт ўртасидаги жангнинг 22 август санасига қолдирилгани сабабларини маълум қилди.
«Биз аслида жангни 25 июлга режалаштирганмиз, аммо Диллиан Уайт учун энг мақбул санани танлаётгандик. Шундан сўнг футбол бўйича Чемпионлар Лигаси пайдо бўлди, мусобақа ташкилотчилари ўйинларни 8—15 август кунлари ўтказишни режалаштираётганини эълон қилди. Охир-оқибат, биз жангни 22 август санасига қолдиришга қарор қилдик. Биринчи бокс кечасини августнинг дастлабки кунида, Англия Премьер Лигаси тугаши билан ташкил қилишимиз мумкин. Ўйлашимча, ҳаммаси яхши бўлди, Sky Sports август ойида барча жангларни трансляция қилади. Шундай экан, бокс чиндан ҳам қайтмоқда деса бўлади», — дейди Ҳирн.
Аслида Александр Поветкин ва Диллиан Уайт ўртасидаги жанг май ойига белгиланган, аммо коронавирус пандемияси туфайли дастлаб 4 июлга, кейинчалик эса 15 августга қолдирилганди.
Маълумот учун, Диллиан Уайтнинг ҳисобида 28 жанг, 27 та ғалаба (18 та нокаут) ва 1 та мағлубият бўлса, Поветкин фаолияти давомида 38 марта рингга кўтарилиб, шулардан 35 тасида ғалаба қозонган (24 та нокаут), 2 тасида мағлубиятга учраган ва 1 бор муроса йўлини танлаган.
40 ёшли Поветкин охирги жангини 2019 йилнинг декабрь ойида ўтказган. Ўшанда у Саудия Арабистонидаги бокс кечасида Майкл Ҳунтер билан учрашиб дурангга рози бўлган. Уайт ҳам сўнгги марта Поветкин билан битт жанг оқшомида рингга чиқиб Мариуш Вахни мағлуб этган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)