«Дарё» жаҳон матбуоти шарҳи рукнининг навбатдаги муҳокамаларга бой сонини диққатингизга ҳавола этади.
Жанубий Корея ҳақиқий либерал мамлакатми?
Жанубий Кореяда либерал сиёсат ҳақида гап кетганда унинг қанчалик узоқ муддатли экани савол остига олинади. Жанубий Корея чиндан либерал демократик давлатми? The Diplomat нашри Жанубий Корейдаги давлатчилик тузуми ҳақида мақола тайёрлади.15 апрель санасида Жанубий Кореяда сайловлар бўлиб ўтди. Бу сайловлар эса 2016 йилдаги парламент, 2017 йилдаги президентлик ва 2018 йилдаги маҳаллий органларга ўтказилган сайловлардан кейинги навбатдаги сайловдир. Йирик шаҳарлардаги депутатлик органларига қўлга киритилган 17 та сайлов ўринларидан 14 тасини либерал партия ўз номи остига ёзиб қўйди. Жанубий Корея парламентидаги 300 ўринга ўтказилган сайловларда либераллар парламентнинг деярли бешдан уч қисмини қўлга киритди.
Либералларнинг бундай ютуқни қўлга киритиши Жанубий Корея тарихида илк маротаба кузатилаётган ҳолат саналади. 15 апрелда либерал кучларнинг мутлақо устунлигини таъминлаган сайлов жараёни баҳсларга сабаб бўлди ва оммавий ахборот воситаларида бу муваффақият Жанубий Кореянинг либерал сиёсатида бардавом этадиган ҳолатми деган фикрларни юзага чиқарди. Жанубий Кореядаги либерал сиёсат икки курашувчи гуруҳнинг авлодлар аламашинуви натижасида юз берган ҳодисадир.
Шунга қарамасдан ҳозирда кузатилаётган сиёсий тузилмадаги алмашинув пишиб етилмагандай тасаввур уйғотмоқда, чунки Жанубий Кореянинг сиёсий мейнстримида жой эгаллаган ёш сиёсатчиларнинг қарорлари мамлакатнинг мафкуравий ва тарихий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда қандай тартибни юзага келтиришини олдиндан айтиб бериш мушкул.
Икки сиёсий гуруҳнинг юзага келиши
1987 йилда Жанубий Кореяда демократик сайловлар жараёни қабул қилингандан сўнг мамлакатда тўрт марта консерватив ва уч марта либерал ҳукумат алмашди. Гарчи сиёсатда икки мухолиф партия тенг кучга эга бўлса-да, консерватив партия мамлакатнинг барча жабҳаларида нуфузли сиёсий куч сифатида ўзини намоён қилди.
Улар Шимолий Кореядан келаётган хавфнинг олдини олди ва учинчи дунё иқтисодиётини ривожланган дунё иқтисодиётига айлантирди, натижада, консерватив партия халқ орасида асосий қўллаб-қувватловчиларга эга бўлди. Жанубий Корея иқтисодиётининг модернизация қилиниши ва иқтисодий ўсиши урушдан кейинги даврда «Хан дарёсидаги мўъжиза» сифатида талқин этилди. Шу сабабдан консерватив партия тарафдорларини ёқловчилар бугунда 60 ёшдан ошган бўлса-да, Жанубий Корея иқтисодиётида юз берган ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлгани учун ҳам консерватив партияни ёқлашади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Хан дарёси бўйида юз берган мўъжиза ортида Жанубий Корея ҳукуматининг авторитар бюрократик бошқарувчилиги унсурлари ҳам етакчи бўлган. Коммунистик мафкурага қарши сиёсат олиб борган Жанубий Корея сиёсатдонлари ўз вақтида демократик тамойилларни унча хушламаган ва шахсий манфаатларни устун қўйган пайтлар ҳам бўлганди.
Хан дарёси бўйидаги мўъжиза авлоди коммунистик мафкурага қарши руҳда тарбия топди ва мамлакатнинг тараққиёти уларда ўзига хос, гоҳида учраб турадиган диктатура режимига хос бўлган унсурларга кўз юмишга ўргатди. Урушдан кейинги ёш авлод эса демократик қадриятлар, меҳнат ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари, миллий жиҳатдан қариндош бўлган халқларнинг қайта бирлашишини истади ва диктатура режимини ҳазм қила олмади ва унга қарши курашди.
Демократия учун курашлардан кейингина, 1987 йилда июнь ойи воқеалари тугагач, Жанубий Кореяда диктатура режими тугатилди ва мамлакат демократик ислоҳотларга юз тутди. Натижада, кўп йиллар мобайнида диктатура режими тазйиқи остида бўлган либерал кучлар 1990 йилга келибгина икки партияли демократик ҳокимият тизимига эришишга муваффақ бўлди. 1997 ва 2002 йилдаги сайловларда либералларнинг сайловларда ғалаба қозониши Жанубий Кореяда консерватив кучлар сиёсат соҳасидаги ягона куч эмаслигини далиллади.
Шунга қарамасдан либераллар қўлга киритган ютуқлар тасодифий эришилган деган хулосага келиш мумкин. Чунки уларнинг ҳокимият тепасига келишида консерватив ҳокимиятнинг камчиликлари ҳам ўз ҳиссасини қўшди. 1997 йилдаги сайловларда Ким Дэ Чжун консерваторлар ўртасидаги низовий бўлинувдан фойдаланган бўлса, 2002 йилги сайловларда Ро Му Хён консерватив партия вакили устидан озгина фарқлар эвазига ғалаба қозонди. Гарчи мамлакатда либерал кучларнинг таъсири ёйилиб бораётган бўлса-да, консерватив диктатурага мойил сиёсатчиларнинг ҳукуматга таъсири сезилади.
Когорта эффекти ёхуд Хан дарёси бўйидаги мўъжиза билан видолашув
Когорта эффекти дейилганда ижтимой фанларда вақт ўзгариши билан инсонлар онгида юз берадиган ўзгаришлар тушунилади ва бу ўзгаришлар, асосан, инсоннинг ҳаёт давомида туғилган йили ёки олган маълумоти билан ўлчанадиган ўзгаришлар ҳисобланади.
Жанубий Кореянинг иқтисодий ўсишини таъминлаган гуруҳлар ва июнь ойидаги воқеалар ҳам консерваторлар, ҳам либераллар ўртасида когорта эффекти деб танилган жараённи юзага келтирадиган дарёси бўйидаги мўъжизага олиб келган сиёсатчилар гуруҳи мамлакатда 1990 ва 2000 йиллар сиёсатини белгилаб берган асосий куч бўлиб юзага келди. Ўшанда июнь ҳаракати тарафдорлари ҳали «минилмаган йўрға, пойгадаги номаълум от» эди. Жанубий Корея 2010 йил билан юзлашар экан, сиёсий манзарада либерал сиёсат томон оғиш ҳолати кузатила бошлади.
2012 йилги сайловларда либераллар гарчи парламентда кам сонли овозга эга бўлган бўлса-да, бу июнь ҳаракатининг натижаси сифатида баҳоланди. Худди шундай манзара 2012 йилги парламент сайловларида ва 2014 йилдаги маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловларда ва 2016 йилги парламент сайловларида туб бурилиш ясади. Либералларда ўтмишдаги сиёсий вазиятга қараганда анча порлоқ сиёсий келажак тургани ўз меваларини бера бошлади. Шу билан бир вақтда кексайиб бораётган консерватив партия вакилларининг мамлакат сиёсатидаги таъсири ва қўллаб-қувватлови кучли бўлишига қарамасдан обрўсизланиб борди.
Сиёсатдонлар вакиллари орасидаги авлодлар алмашинуви эса муқаррар ва эски консерваторлар ўз сайловолди дастурларига бирор-бир аҳамиятли янгилик қўшмаса, ўз тарафдорларидан айрилиши очиқ бўлиб қолди. 2013 йилда Жанубий Кореяда консерватив партия вакили Парк Ге Хи президентлик пойгасига киришар экан, мамлакатда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва иқтисодий демократия шиорларини кўтариб чиқди. Бироқ унинг сиёсий платформаси узоқ муддатли сиёсатни эмас, аксинча, қисқа муддатли мақсадга элтувчи манфаатларни кўзлаган эди. Шу сабабли унинг сиёсати қисқа муддатда мағлубиятга учради.
2017 йилнинг бошларида Паркнинг сиёсати низолар ичида қолиб кетди ва ҳаттоки корейс халқи Парк Ге Хига нисбатан ишончсизлик вотумини билдирди. Парк Ге Хи Хан дарёси бўйида иқтисодий мўъжиза ярата олган собиқ раҳбар Парк Жу Хининг қизи бўлиб, унинг отаси Жанубий Кореяда консерватив фикрловчи сиёсатдонлар орасида нуфузли шахс сифатида танилганди. Шу сабабли Парк Ге Хи мамлакатда консерваторлар обрўсини тикловчи «айлбов қироличаси» сифатида ном қозонди, аммо унинг президентлиги консерваторларнинг бор умидини икки йилда чиппакка чиқарди. Бу эса корейс консерваторлари учун катта йўқотиш эди.
Умумий сиёсий манзарада олиб қаралганда, Парк Ге Хининг сиёсий фаолияти ва унинг Жанубий Кореядаги бизнес корчалонлари билан узвий алоқаси халқ орасида катта резонанс келтириб чиқарди. Паркнинг издоши Ли Мён Бакнинг президентлиги эса коррупциявий можаролардан нарига ўтмади ва консерваторларнинг мамлакатдаги бор обрўсини янада тушириб юборди. Паркнинг президентликдан кетишига сабабчи бўлган оммавий намойишлар эса ҳар доимгидан кучли эди. Импичмент сабаб президентнинг истеъфо бериши Жанубий Кореядаги либераллар учун янги руҳ бахш этди.
Либерал Жанубий Кореями ёхуд эгаси йўқ мамлакатми?
Жанубий Корея консерваторлари ўртасида ихтилоф давом этар экан, бу либерал кучлар учун имконият беради. Ўтган тўрт сайловлар эса мамлакатда либераллар ҳаракати учун кучли замин тайёрлаб қўйилганини очиқлади. Яқиндаги сайловларда эса либераллар партияси либерал сайловчи ёшларнинг кўпайгани боис мамлакат сиёсий ҳаётида 121 ўриндан 103 тасига эга бўлиб чиқди.
Бу эса корейс жамиятида турли коррупциявий жанжалларга илакишиб қолган консерваторларга ишонч анча заифлашганидан дарак. Шунга қарамасдан ҳозирда консерваторлар ўз сиёсий қарашларини ва партия дастурларини қайта кўриб чиқиш орқали либераллар билан сиёсий ҳокимият учун курашга тайёргарлик кўрмоқда. Бироқ улар Парк Ге Хи ва Ли Мён Бакнинг сиёсий мағлубиятидан хулоса чиқариб ҳаракат қилаётган бўлса-да, Жанубий Кореяда ўсиб бораётган либерал руҳдаги ёшларнинг умидларини рўёбга чиқаришда хатоликларга йўл қўяётгандек.
Бошқача қилиб айтганда, агарда консерваторлар ўзларининг ўтмишдаги қора доғ тушган раҳбарлари соясидан қутула олса, улар келажакда ёш, либерал сайловчиларнинг овозларига умид қилса бўлади. Бу борада эса қилинадиган ишлар анчагина. Консерваторлар учун эса бошқа йўл қолмаган.
Ижтимоий сўровларда ютқазаётган Трамп
The New York Times нашри очиқдан очиқ президентликка номзод Жо Байденнинг ижтимоий сўровларда амалдаги президент Дональд Трампдан қўли баланд келаётганини нишонламоқда. Олдинги президентлик сайловларида ҳам Хиллари Клинтон ижтимоий сўровларда қўли баланд келган, аммо сайлов натижаларига кўра, президентлик Дональд Трампга теккан эди, деб ёзади The New York Times нашри.Жо Байден ҳозирча асосан аёл сайловчилар орасидагина Трампга нисбатан устунлик қилиб турибди. Бундан ташқари, Жо Байден Трампнинг коронавирусга қарши сиёсатидан кўнгли қолган республикачиларни ҳам ўз тарафига оғдириб олди. The New York Times ва Сиена коллежи ўтказган сўровлар натижаси бунга далил бўлмоқда.
Жаноб Трамп бутун президентлиги давомида Америкада энг кўп танқид қилинган президентлардан бири бўлди. У 2016 йилда ҳокимият тепасига келиши давриданоқ ўз нуфузини яхшилашга деярли ҳаракат қилмади. Ўша кезларда оқ танлилардан иборат бўлган сайлов ҳайъатигина жаноб Трампга мамлакатдаги энг нуфузли давлат мақомини олиб беришига туртки бўлганди.
Бугун Трампга нисбатан сайловчилар орасида президентнинг хавфли вирусга қарши муваффақиятсиз кураши ҳақида кўп гапиришмоқда ва бу эса амалдаги президентнинг сайловчиларида президентга нисбатан ишончсизлик ҳиссини юзага келтирган.
Лотин америкаликлар ва қора танлилар орасида Жо Байденнинг номзодига овоз беришни истаётганлар эса кўпчиликни ташкил қилмоқда. Аёллар ва ёшлар ҳам Байден номзодини илгари сурмоқда. Денверлик Арлина Майлз умрининг 60 йили мобайнида республикачилар тараф бўлган ва ҳаттоки Трамп 2016 йилдаги сайловларда ғолиб бўлганида у учун овоз берган, бироқ президент Трамп у каби кўплаб республикачиларнинг умидини оқламади.
Унинг фикрича, сўнгги пайтларда республикачилар ўз обрўларини атайин обрўсизлантиришга ва сайловчиларнинг умидларини пучга чиқаришга уринмоқда. Шу сабабли Майлз хоним бу сафар республикачиларга эмас, Жо Байденга овоз беришга қарор қилган. Республикачилар учун овоз бермасликка қарор қилганлар орасида ёшлар ҳам етакчилик қилмоқда. Шундай бир вазиятда республикачилар фақат кексаларнинг овозлари билан навбатдаги 4 йилга эгалик қилиш тараддудида.
45 ёшгача бўлган сайловчиларнинг 52 фоизи Жо Байден учун овоз беришларини ижтимоий сўров натижалари очиқлади. Уларнинг 30 фоизи эса Трамп тарафдори. Техаснинг Форт-Уэрт шаҳридан бўлган 31 ёшли Том Деймонд гарчи Трамп пандемияга қарши курашишда ожизлик қилган бўлса-да, ўз овозини унга бермоқчи эканини билдиради. Унинг назарида Жо байден ишонч уйғотишга уринаётган шахсдир.
Трампни ёқтирмаслик, энг аввало, АҚШ жамиятида ирқчилик билан боғлиқ муаммоларга бориб тақалмоқда. Ижтимоий сўровларда қатнашган 45 ёшдан кичик аксарлар «Қора танлилар ҳам инсон» норозилик намойишида иштирок этган. Катта ёшли америкаликлар эса ирқчиликка қарши ҳаракат борасида анчайин босиқ йўл тутган. 45 ёшдан кичик америкаликлар Жорж Флойднинг ўлими полициянинг афроамерикаликларга нисбатан керагидан ортиқ куч ишлатган деб ҳисоблайди.
Бошқа тарафдан жаноб Трамп ёши катта америкаликлар орасида ҳам ўз нуфузига зарба берадиган хатоликларга йўл қўйди. 65 ёшдан катта америкаликларнинг бешдан икки қисми Трампнинг ишлаш услубларини маъқулламаслигини билдирди. Бугун Трампнинг иқтисодий кўрсаткичлар бўйича рейтинги ижобий даражада турган бўлса-да, 45 фоиз америкаликлар унинг бу сиёсати ҳақида салбий фикрда. Трамп, шунингдек, олий маълумотга эга бўлмаган оқ танлилар орасида ҳам машҳур.
Иқтисодиёт борасида Трамп ўз сайловчиларининг овозларини сақлаб қолар ва шу билан бирга ирқчилик, полициянинг зўравонлиги, пандемияга қарши кураш борасида сиёсий камчиликлардан холи эмас. Америкаликларнинг аксари президентнинг карантинни тугатиш ҳақидаги фикрларига ҳам қарши чиқмоқда. Трамп эса инсонлар ҳаётини хавфга қўйиб бўлса-да, карантин режимини тугатишга чақирмоқда. 21 фоиз америкаликлар назарида АҚШ ҳукумати иқтисодиёт борасида талафотлар кўрса-да, коронавирусни ушлаб туриш учун бор кучини ишга солиши лозим.
Айнан шу масалалар олдинда турган сиёсий баҳс-мунозараларнинг асосий мавзуси бўлиши кутилмоқда. Мазкур баҳслар эса АҚШни келажакда ким бошқариши ҳақида янада аниқроқ тасаввурларни беришга қодир.
Жаноб Трампнинг обрўси, шунингдек, зулм остида яшаётган бошқа ирқ вакилларининг ҳам президентга нисбатан ишончсизлигини юзага келтирган. Аксар америкаликлар Трампнинг норозилик намойишчиларини кескин танқид қилишини хушламаяпти. Намойишчилар назарида Black Lives Matter ҳаракати ҳам унда жамоат тартибини сақлашга чиққан полициячиларнинг норозилик ҳаракати иштирокчилари билан ҳамдардлик яхши таассурот уйғота бошлаган.
Шу сабабдан ҳам Жо Байденнинг президентликка номзоди улар назарида амалдаги президентдан кўра анча яхшироқ номзод. АҚШда ўтадиган навбатдаги сайловларга ҳозирча беш ойдан кўпроқ вақт қолган. Ижтимоий сўровлар эса ҳар доим ҳам америкаликларнинг хоҳишларини амалга оширавермайди. Ким президент бўлиши эса вақт масаласидир.
Янги муаммолар билан юзлашаётган Башар Асад Сурияси
Айни айтда Сурияда йирик ҳажмдаги жанг амалиётлари кетмаяпти. Аммо мамлакатдаги воқеалар низолардан ҳеч ким ғалаба қозонмаганини кўрсатмоқда, деб ёзади The Jerusalem Post нашри.Сурия бугун қашшоқлашган, тарқоқлашган ва рақобатлашаётган ташқи кучларнинг измидаги мамлакат бўлиб қолаверади. Асад режими ҳокимиятнинг юқори эшелонларидаги ўзаро курашлардан ҳолдан тойди ва ҳаттоки ҳукумат назорат қиладиган ҳудудларига ҳам уруш қайтмоқда. 2018 йил охирида Суриядаги режим ғалаба ёқасида қолишига бир баҳя қолди. АҚШ ҳукумати Сурия шимоли-шарқидан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетишини эълон қилди ва натижада, мамлакат шимоли-ғарбида қолган Асад режимига қарши кучлар ўраб олинди ва улар орасида экстремист сунний мазҳаби тарафдорлари етакчилик қила бошлади.
Дипломатик ва ҳарбий амалиётларнинг якунида эса Сурияни 2011 йилги ҳолатга қайтаришига бўлган умиди яна анча номаълум муддатга сурилгандек тасаввур уйғотди. Трампнинг қўшинларни олиб чиқиб кетиш ҳақидаги твитларига қарамасдан, америкаликлар ҳамон Сурияда қолмоқда. Асадга қарши кучлар эса Туркиянинг ҳомийлигидан ва русларнинг Туркия билан яқинлашувидан фойдаланиб қолишга уринди. Натижада, режим бутун Суриянинг фақатгина 60 фоизида ўз ҳокимиятини сақлаб қолмоқда.
Сурияда сиёсий тарқоқлик авж палласида. Бошқача қилиб айтганда, мамлакатнинг тўртдан бирини курдларнинг мудофаа бўлинмалари, 15 фоизини турклар истило қилган ва ўз назоратига олган. Бу ҳудудларда эса етти-саккиз миллион сурияликлар истиқомат қилиб келмоқда, яна шунча миқдордаги сурияликлар Асад ҳокимияти ўрнатилган ҳудудларда яшамоқда. Икки миллионга яқин сурияликлар Ливан ва Иорданияда, 3,5 миллиони Туркияда, қолган бир-икки миллиони эса Европа Иттифоқи ҳудудида қочоқ мақомида.
Асад эса ўз қўл остидаги ҳудудларда ҳам сиёсий ҳокимиятни қўлга олишда ожизлик қилмоқда. Муаммо эса Суриянинг молиявий қийинчиликларига бориб тақалмоқда. На Асадда, на Туркияда ва на русларда Сурияни тиклаш учун бериладиган молиявий восита мавжуд эмас. Европа Иттифоқи ва АҚШ токи Асад ҳокимиятни қўлида сақлаб қолиш фикридан воз кечмагунча молиявий кўмак бермоқчи эмас.
Иқтисод танг аҳволда, мамлакат пул бирлиги қадрсизланишда давом этмоқда. Ҳозирда бир АҚШ доллари 700 Сурия фунтига тенгдир. Қора бозорда эса бир доллар учун 2 300 Сурия фунтини таклиф қилишмоқда. 2011 йилга қадар эса бу кўрсаткич бирга 50 нисбатда эди.
80 фоиз сурияликлар қашшоқликда ҳаёт кечирмоқда. Дамашқда нон учун турна қатор навбатларга гувоҳ бўлиш мумкин. Фунтнинг девальвация қилиниши натижасида кўплаб сурияликлар энг зарур озиқ-овқатларни харид қилиш имконига эга эмас. Журналист Дэнни Макки Twitter саҳифасида «Суриядаги аҳвол ўта ёмонлашгани, маҳаллий аҳоли дори-дармонларни олишга ҳам қурби етмаётгани, очлик ва қашшоқлик мамлакатда одатий ҳолга айлангани» борасида изоҳ ёзди.
Мамлакатнинг бундай ҳолга тушишида бир қатор омиллар сабаб: биринчидан, иқтисодий жазо чоралари, иккинчидан, пандемия билан боғлиқ вазият ва ниҳоят, иқтисодий турғунлик. Ҳаттоки қўшни Ливандаги воқеалар ҳам Суриянинг машаққатли даврларига сабаб бўлмоқда. Ливандаги иқтисодий инқироз натижасида банклардан доллар олиш чекланди ва бу Сурияда долларнинг танқислигини келтириб чиқарди.
Дард устига чипқон дегандек, июнь ойининг ўрталарига бориб АҚШ ҳукумати Цезарь қонун лойиҳасини кучга киритди. Бу қонунга кўра, оммавий қатағонлар, турмалардаги қийноқлар сабаб Асад режимига иқтисодий жазо чоралари қўлланилди. Бу жазо чоралари, шунингдек, Асад режими билан иқтисодий алоқа қиладиган тарафлар учун ҳам амал қилишини назарда тутади. Бу эса Сурия иқтисодиётини тиклашда қизиқиш билдирган Хитой, БАА каби мамлакатларни ҳовурларини босишга олиб келди.
Қийин аҳволда қолган Асад режими тобора ўз қўл остидагиларнинг қаршилик ва норозилик намойишларига сабаб бўлмоқда. Ўтган йил июнь ойидан то ҳозирга қадар Асад режимига қарши қаратилган ички ҳужумлар 489 тагача кўпайди. Мазкур ҳужумлар натижасида 300 дан ортиқ шахс ҳалок бўлди.
Маҳаллий аҳоли орасида эса «Эрон ва Россиясиз озод Сурия», «Халқ Асаднинг ҳокимиятдан кетишини талаб қилади» каби шиорлар борган сари кўпаймоқда. Туркия қўл остидаги ҳудудда эса Сурия муваққат ҳукумати тузилди ва у ўз ҳудудида Сурия фунти турк лираси билан алмаштирилишини эълон қилди. Бу эса ўз навбатида суриялик тадбиркорларнинг ўз маҳсулотлари учун турк лирасида нарх белгиланишини кучайтирди. Туркия почтаси турклар назорати остидаги ҳудудларда турк лирасини истеъмолга киритиш ишлари билан машғул бўлмоқда.
Ниҳоят, Асад режимининг юқори эшелонларида ҳам низолар юзага келмоқда. Асад ҳаттоки ўз уруғига мансуб бўлган Рами Маҳмудга ҳам қарши чиқишга мажбур бўлди. Бу низо айрим маълумотларга кўра, Рами Маҳмуд ва Асаднинг хотини Асма Асад ўртасидаги манфаатлар тўқнашувига ҳам бориб тақалмоқда.
Мамлакат қийин аҳволда қолган бўлса-да, Асад ҳокимиятдан кетмоқчи эмас. Аммо бир нарса аниқ, оғир иқтисодий тангликда қолган Асад ҳам юқоридан, ҳам қуйидан, ҳам ташқаридан бўлаётган босимлар остида қолди. Вазиятнинг бундай давом этиши эса бир кун халқнинг паймонасини тўлдириб, Асад учун мудҳиш тугаши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)