Қашқадарё ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев вилоятда фаолият юритаётган ҳокимларнинг аксарияти ёшлар билан мулоқотда кўп савол бериладиган даврадан қочишини, мулоқотга муаммоси бор ёшларни эмас, бугунги кунда маълум билан даражага эришган лидерларни жалб қилишга уринишини таъкидлади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, 20 июнь куни вилоятнинг Деҳқонобод туманида Зоир Мирзаевнинг ўринбосари Рустам Йўлдошев иштирокида ёшлар билан матбуот анжумани ташкил этилган.
Матбуот анжуманида сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев «Ёшлар ойлиги» доирасида бўлиб ўтаётган «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ҳақида тўхталган.
«Тан олиш керак, ёшлар билан мулоқот қиладиган тадбирларимиз сони жудаям кўп. Аммо натижага келганда оқсоқланиш бор. Нима учун? Чунки биз раҳбарлар кўпинча ёшлар билан мулоқотда кўп савол бериладиган даврадан қочамиз, улар билан мулоқотда имкон қадар муаммоси йўқ лидерларни чақиришга ҳаракат қиламиз. Оқибатда муаммоси бор ёшлар қолиб кетаверади», — деди Рустам Йўлдошев.
Рустам Йўлдошев иштирокидаги матбуот анжуманида Ёшлар иттифоқи вилоят ҳамда туман кенгаши масъуллари ҳам қатнашиб, Деҳқонобод туманидаги фаол ва ташаббускор ёшларни рағбатлантирди. ИИБ тизимида рўйхатда турувчи тўрт нафар мактаб ўқувчиси рўйхатдан чиқарилганини маълум қилиб, ушбу ёшларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Рустам Йўлдошев жорий йил апрель ойида Зоир Мирзаевнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган Долли Аллаев ўрнида иш бошлаганди.
Изоҳ (0)