Андижон вилоятининг «Андижон шаҳар электр тармоқлари корхонаси» ходими салқин ичимликлар ва музқаймоқ сотиш жойини электр тармоғига улаб беришини сўраб мурожаат қилган тадбиркордан 2,5 миллион сўм пул талаб қилди ва пулни олаётган пайтида қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Маълумот берилишича, фуқаро Р.Ж. салқин ичимликлар ҳамда аҳолига музқаймоқ сотиш жойини электр тармоғига улаш мақсадида «Андижон шаҳар электр тармоқлари корхонаси» ходими Ғ.Т.га мурожаат қилади. Ходим фуқаронинг мурожаатига жавобан ҳужжатларини тайёрлаш, шартнома тузиб бериш ҳамда электр тармоғига улаб беришини билдириб, эвазига 2,5 миллион сўм пул талаб қилади.
МИБ Андижон вилоят бошқармаси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида шаҳар электр тармоқлари корхонаси ходими талаб қилинган пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)