Хитойнинг Пекин шаҳрида қарийб икки ой деганда яна коронавирус тарқалиши қайд этилди, деб ёзади «РИА Новости».
Шаҳар маъмурияти инфекция тарқалиши хавфи ўта юқори эканлигидан огоҳлантирди.
COVID-19 билан касалланиш ҳолати Пекиндаги йирик улгуржи бозорлардан бири — «Синьфади»да аниқланди.
Эпидемиологик тадқиқотлар импорт қилинган лосось балиғини бўлишга мўлжалланган тахтада коронавирус борлигини кўрсатган. Вазият назорат остидан чиқиб кетмаслиги учун бозор вақтинча ёпиб қўйилган.
« ‘Синьфади’ бозорида вирус аниқлангани муносабати билан Пекинда эпидемия тарқалиши хавфи юқори», — деди Пекин ҳукумати матбуот хизмати раҳбари матбуот анжуманида.
«Синьфади» бозори жойлашган Фэнтай туманида ҳарбий ҳолат режими жорий этилди.
Ҳозирда нафақат бозор, балки унга яқин ҳудудда жойлашган дўкон, ресторан ва меҳмонхоналар ҳам назорат остига олинган. Шунингдек, бозор атрофида жойлашган 11 та турар жой мажмуалари аҳолиси ҳам назорат остида.
Шаҳар маъмурияти «Синьфади» бозори ишчилари, яқин атрофда яшовчилар ҳамда 30 майдан бери бозорга келган фуқароларни коронавирус борлигига текширмоқда.
14 июнь куни Пекинда 76 мингдан кўпроқ тест ўтказилган. Бир неча ўнлаб фуқароларда коронавирус аниқланган.
Фото: AFP
Изоҳ (0)