Афсонавий баскетболчи Коби Брайант Лос-Анжелес ривожига қўшган ҳиссалари учун «Эмми» мукофотига лойиқ кўрилди.
Таъкидланишича, Брайант баскетболдаги ютуқларидан ташқари хайрия ишларида фаол бўлган, Лос-Анжелес ва Жанубий Калифорния аҳолиси учун илҳом бағишловчи шахс сифатида гавдаланган. Хабар қилинишича, мукофот 18 июль куни марҳумнинг оила аъзоларига топширилади.
Эслатиб ўтамиз, 26 январь куни Брайант ва унинг 13 ёшли қизи вертолёт ҳалокати оқибатида вафот этган. Вертолёт бортида бўлган яна етти киши ҳам воқеа жойида ҳаётдан кўз юмганди.
Маълумот учун, Коби «Оскар»мукофотига ҳам сазовор бўлган. Унинг «Қадрли баскетбол» деб номлаган фильми 2018 йилда энг яхши қисқаметражли мультфильм деб топилганди.
2016 йилда фаолиятини якунлаган Брайант 20 мавсум давомида «Лос-Анжелес Лейкерс»да ҳаракат қилган ва жамоаси билан беш карра NBA чемпионлигини қўлга киритган. У шунингдек, АҚШ баскетбол терма жамоаси билан 2008 ва 2012 йилги ёзги Олимпиада ўйинлари ғолибига айланган.
Изоҳ (0)