АҚШнинг Техас штати Хьюстон шаҳрида яшовчи аёл спорт билан шуғулланиш унга оғир касалликни енгишга ёрдам берганини айтади. Унинг сўзларини Меtrо нашри келтиради.
54 ёшли Триша Тоттен ёшлигидан спортга қизиқади. У аэробикага қатнашарди, сўнг оғир атлетика билан қизиқиб қолди. У икки ҳомиладорлик даврида ҳам спорт билан шуғулланишни канда қилмади. Фарзандли бўлганидан кейин ҳам ҳафтада уч марта спорт залига боришга вақт топарди.
2017 йилнинг мартида унга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилди. Даволаш муолажалари давомида у 16 марта кимёвий ҳамда 33 марта нур терапиясини олди, кўкрагининг бир қисми олиб ташланди. Бироқ даҳшатли ташхис ҳамда оғриқли муолажалардан кейин ҳам аёл спорт билан шуғулланишда давом этди.
«Саратон ташхиси қўйилганида мен куч-қувватга тўлган пайтда эдим. Фарзандларим улғайган, коллежда ўқийдиган давр эди. Шунинг учун мен асосий вақтимни спорт залида ўтказа олардим. Даволаниш муолажалари бошланганидан сўнг, мен машғулотлар вақтини ўзгартирдим ва спорт билан шуғулланишда давом этдим», — дейди аёл.
Тоттеннинг фикрича, айнан спорт машғулотлари унга хавфли касалликни енгишга ёрдам берган.
«Спорт залида ўтказган вақтим ҳам руҳий, ҳам жисмоний саломатлигимнинг қайта тикланишида муҳим рол ўйнади. Бу мен касаллигим ҳақида унутадиган жой эди», — дейди аёл.
Тоттеннинг айтишича, ўзини қурбон сифатида ҳис этишни тўхтатганидан сўнг даволаниш жараёни тезлашган.
«Мен ‘Нега бундай бўлди?’ деган саволни ‘Ҳаётимни яхши томонга ўзгартириш учун бу касалликдан қандай фойдалансам бўлади?’ деган саволга алмаштирдим. Шундан сўнг ўзимни кучли ҳис эта бошладим», — дейди у.
Тоттен онкологик касалликларга чалинганларни қўллаб-қувватлаш учун ўзи ҳақида сўзлаб берди.
Изоҳ (0)