Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро дўстлари билан ўрдак овига чиқиб, спиртли ичимлик таъсирида пневматик милтиқдан 20 ёшли қизни отиб қўйди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 2020 йил 6 июнь куни Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро Қ.С. яқин дўстлари билан тумандаги «Fish breeding» фермер хўжалигининг балиқ етиштирувчи кўлига бориб, у ерда ўрдак овлашни мақсад қилган. Улфатлар ов баҳонасида спиртли ичимлик ҳам ичган. «Gamo» русумли пневматик милтиқдан кўлдаги ўрдакларни овлашни мақсад қилган Қ.С. спиртли ичимлик таъсирида 50 метр узоқликда турган 20 ёшли қиз Ч.С.ни милтиқ бинокилидан кузатмоқчи бўлган ва тепкини босиб юборган. Натижада милтиқнинг қўрғошинли ўқи фуқаро С.Ч.нинг ўнг елкасига бориб теккан ва оғир тан жароҳати етказган.
Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамовнинг «Дарё»га қўшимча қилишича, ўқдан яраланган қизнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали шифокорлари — Олим Шомуродов, Шербек Яхшибоев ҳамда Ўрал Шаминовлар пневматик милтиқ ўқидан жароҳатланган қиз ҳаётини асраб қолган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Қ.С.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)