9 июнь, сешанба куни бўлиб ўтиши керак бўлган «Манчестер Юнайтед» ва «Сток Сити» ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бошланишидан бир неча дақиқа олдин бекор қилинди, боиси «Сток Сити» бош мураббийи Майкл O’Нилда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган, дея хабар беради Goal.
Учрашув Каррингтондаги «Манчестер Юнайтед» базасида бўлиб ўтиши керак эди. Манчестер клуби футболчилари ўйинолди машғулотларини бошлаб юборганди, аммо O’Нилда касаллик аниқлангач, улар дарҳол майдонни тарк этган. «Манчестер Юнайтед» футболчилари рақиб жамоа ўйинчилари билан контактда бўлмаган, шунинг учун уларнинг вирус юқтирганлик эҳтимоли паст.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси сабаб тўхтаб қолган Англия Премьер Лигаси 17 июндан қайта давом эттирилади.
29-турдан кейин 45 очко тўплаган «Манчестер Юнайтед» мусобақа жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди. «Сток Сити» эса Чемпионшипда иштирок этади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)